Қатар яшил майдонларида футбол бўйича ўтказилаётган Осиё кубогида гуруҳ босқич учрашувлари ўз якунига етди ва нимчорак финал босқичида иштирок этадиган жамоалар номи аниқланди. Бу галги футбол шарҳимизда гуруҳ босқичининг сўнгги учрашувида қайд этилган натижалар, Ўзбекистоннинг навбатдаги рақиби ва ўзаро ўйинлар тарихига эътибор қаратамиз.

Демак, куни кеча “E“ ва ”F“ гуруҳларида мусобақанинг сўнгги учинчи тур учрашувлари бўлиб ўтди. Қизиғи шундаки, мазкур гуруҳдаги учрашувларда терма жамоалар мухлислар учун ўйин ўтказмади, аниқроғи, навбатдаги босқичдаги рақибларини танлашди. Ажойиб ҳолат!

Осиё кубоги гуруҳ босқичининг учинчи турида “E“ гуруҳида Баҳрайн Иорданияни 1:0 ҳисобида мағлуб қилиб, умумий 6 очко жамлаган ҳолда биринчи ўрин билан плей-оффга йўл олди. Жанубий Корея эса кутилмаганда Малайзия билан 3:3 ҳисобида дуранг ўйнади ва иккинчи ўрин соҳиби сифатида гуруҳдан чиқди. Иордания эса 4 очко билан учинчи бўлди. Малайзия эса 1 очко жамғаришга муяссар бўлди.

Жанубий Корея гуруҳ фаворити сифатида ўйинлар ўтказди. Бироқ сўнгги турда ушбу жамоа учун ҳар томонлама қулай бўлган Малайзияга қарши ўйинда бир амаллаб дуранг қайт этди. Аслида, Жанубий Корея сўнгги турдаги рақиби устидан ғалаба қозонишга ҳам қодир эди. Бироқ ушбу ўйинда уларга ғалаба эмас, дуранг керак бўлди. Бунга сабаб, кореялик футболчилар гуруҳда биринчи ўринни олса 1/8 финалда Японияга қарши чорак финал йўлланмаси учун курашишга тўғри келишини ҳис қилган ҳолда ўйинни дуранг ҳисобда якунлашни исташди ва буни уддалашди.

Жанубий Корея терма жамоаси бош мураббийи германиялик Юрген Клинсман ушбу ҳолатга шунчаки кулиб қўйди. Ўз-ўзидан Иордания ҳам навбатдаги босқичдаги рақибини танлаган кўринади. Сўнгги турда Баҳрайнга қарши ўйиндаги мағлубият эвазига гуруҳдан учинчи ўринни эгаллаб, нимчорак финалда Ироққа қарши ўйин ўтказадиган бўлди. Аслида ушбу жамоа иккинчи поғонада гуруҳдан чиқса, Саудия Арабистонига тўқнаш келиши эҳтимоли юқори эди.

“F“ гуруҳида ҳам 3-турда кутилмаган натижа қайд этилди. Саудия Арабистони – Таиланд баҳси 0:0 ҳисобида якунланди. Биринчи бўлимнинг илк дақиқаларида Манчини шогирдлари пенальтини, голга айлантира олмади. Жамоалар ўйин давомида 4 бор гол урди ва ушбу голларнинг барчаси ўйиндан ташқари ҳолат дея эътироф этилди. Қирғизистон – Уммон баҳси эса 1:1 ҳисобида якунланди.

Шу тариқа “F“ гуруҳида Саудия Арабистони 7 очко билан пешқадам бўлди. Таиланд эса 5 очко билан иккинчи ўринни эгаллади. 2 очко тўплаган Уммон ўз гуруҳида учинчи ўриндан жой олди. Қирғизистон ҳам мусобақани очкосиз тарк этмайдиган бўлди.

Қуйида, Осиё кубогининг 1/8 финал босқичида ўзаро рақобатлашадиган терма жамоалар билан танишасиз:

1/8 финал жуфтликлари

28 январь 16:30 Австралия – Индонезия;

28 январь 21:00 Тожикистон – БАА;

29 январь 16:30 Ироқ – Иордания;

29 январь 21:00 Қатар – Фаластин;

30 январь 16:30 Ўзбекистон – Таиланд;

30 январь 21:00 Саудия Арабистони – Жанубий Корея;

31 январь 16:30 Баҳрайн – Япония;

31 январь 21:00 Эрон – Сурия.

Мазкур жуфтликлар ўртасидаги баҳсларда ғолиб бўлган жамоа чорак финал босқичига йўл олади. Ушбу босқичда қандай жуфтлик ҳосил бўлиши мумкинлигини қуйида эътиборингизга ҳавола қиламиз:

Тожикистон – БАА / Ироқ – Иордания;

Австралия – Индонезия / Саудия Арабистони – Жанубий Корея;

Эрон – Сурия / Баҳрайн – Япония;

Қатар – Фаластин / Ўзбекистон – Таиланд.

Мусобақанинг 1/8 финал босқичи жуфтликлари орасида биз учун энг аҳамиятлиси Ўзбекистон – Таиланд терма жамоалари баҳсидир.

Терма жамоамиз навбатдаги рақиби билан шу кунга қадар 10 маротаба тўқнаш келган. Мазкур баҳсларнинг 6 тасида Таиланд термаси зафар қучган бўлса, 4 ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси ғалаба қозонган. Бу жамоалар илк маротаба 1994 йили Хиросима шаҳрида ўтган Осиё ўйинларида рақобатлашган ўша ўйинда вакилларимиз 5:4 ҳисобида устун келган. Сўнгги бора эса 2022 йилнинг 15 июнь куни айнан ҳозирда ўтаётган Осиё ўйинларининг саралаш босқичи доирасида ўзаро рақобатлашган. Наманганда ўтказилган ўйинда Жалолиддин Машарипов ва Азизбек Турғунбоев каби маҳоратли футболчиларимизнинг голлари эвазига 2:0 ҳисобида Таиланд терма жамоасидан устун келганмиз.

Албатта, ўзаро ўйинлар статистикасида Таиланд жамоаси устун келаётган бўлсада, аммо 2007 йилдан бери Ўзбекистон миллий терма жамоасини енгга олгани йўқ.

Хабарингиз бор, бу йилги Осиё ўйинларида ҳар икки терма жамоа ҳам ҳали бирор маротаба мағлуб бўлмади. Гуруҳ босқичидан ҳам бир хил тарзда чиқди – бир ғалаба, икки даранг. Тўғри мазкур ўйин олдидан Ўзбекистон терма жамоаси таркибида жароҳатлар сабаб бир қатор футболчилар майдонга туша олмаяпди. Лекин бу муаммо терма жамоамиз учун жиддий эмас ва таркибимизда иқтидорли футболчилар мавжуд. Шунингдек, ўйин 30 январь куни бўлиб ўтиши бизнинг таркиб тўлиқ тикланиши учун анча қулайдир. Сабаби, сўнгги ўйинни терма жамоамиз 23 январь куни ўтказди ва 30 январь кунига қадар дам олишлари мумкин бўлди. Таиланд эса 25 январь куни майдонга тушди, уларнинг дам олиши учун эса бор-йўғи 5 кун бор.

Умид қиламизки, миллий терма жамоамиз 1/8 финал босқичида муносиб иштирок этиб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритади. Ўзбекистон терма жамоаси чорак финал йўлланмасини қўлга киритса, катта эҳтимол билан ярим финалга чиқиш учун Қатар билан ўйин ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, Осиё кубогининг нимчорак финал баҳслари 28 январь куни ўтказилади. 30 январь куни ўтадиган Ўзбекистон – Таиланд учрашувига “Ал-Жануб” стадиони мезбонлик қилади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА