Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи икки томонлама манфаатли ҳамкорлик ришталарининг мустаҳкамланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Мамлакатимиз ва Хитой ўртасида ичимлик суви таъминоти ҳамда оқова сув хизматлари соҳасидаги ҳамкорлик ҳам ривожланмоқда.  Жумладан, Хитойда бўлиб турган “Ўзсувтаъминот”АЖ делегацияси ҳамда Хитойнинг “Beijing Enterprises Water Group (BEWG)” компанияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистонда ичимлик ва оқова сув соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди ва компания фаолияти юзасидан тақдимот ўтказилди.

“BEWG” компанияси Хитойнинг инфратузилма объектларини қуриш ва бошқариш бўйича энг йирик компанияларидан бири бўлиб, 24,5 миллиард доллар капиталга эга ва дунёнинг 8 дан ортиқ мамлакатида ўз лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда. Компания ичимлик ва оқова сув тизимларини бошқаришда ўзининг патентланган инновацион технологиялари ҳамда ақлли бошқариш (smart management) тизимларидан фойдаланади.

Компания вице-президенти Ўзбекистонда давлат- хусусий шерикчилик асосида лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди ва жорий йилнинг 1-ярим йиллигида компания вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини маълум қилди. Ташриф давомида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари янада кенгроқ муҳокама қилинади.

Нилуфар Бозорова,  

ЎзА мухбири