Божхона ишида кинологиянинг ўрни катта. Замонавий технологиялар ҳарчанд тараққий этмасин, ҳид билиш бобида хизмат итларининг ўрнини босадигани йўқ.
Давлатимиз сарҳадларида сергак божхоначиларнинг тўрт оёқли содиқ ёрдамчилари гиёҳвандлик моддалари, портловчи, валюта, тамаки ва кучли таъсир қилувчи воситаларни қидириб топиш йўналишларида самарали хизмат қилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида ҳам ўндан ортиқ хизмат итлари ёрдамида божхона назоратидан яширилган ноқонуний товарлар ҳаракатига чек қўйилмоқда.
Парахат Шарипов қарийб ўн йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида кичик инспектор-кинолог лавозимида ўзининг хизмат итлари билан мамлакатимиз сарҳадларида контрабанда маҳсулотлари ҳамда ноқонуний товар-моддий бойликларнинг мамлакатимиз ҳудудига кириб келишининг олдини олишда хизмат қилиб келмоқда.
Бугун у Нукус шаҳридан 450 км масофада жойлашган мамлакатимизнинг шимолий дарвозаси ҳисобланувчи “Довуд ота” чегара божхона постига ўз хизмат вазифасини бажариш учун йўл олди.
Мамлакатимизни қўшни Қозоғистон Республикаси билан боғлаб турувчи халқаро мақомдаги мазкур чегара божхона пости орқали бугунги кунда суткасига ўртача 550-600 та енгил ва юк автотранспорт воситаси ҳамда 3500-4000 нафар фуқаронинг кириш ва чиқиш йўналишларида ҳаракати таъминланган.
Пост орқали ҳаракатланаётган ҳар бир йўловчи ва автотранспорт воситалари томонидан таъқиқланган ашёларнинг мамлакатимиз ҳудудига кириб келиши ва айланмада бўлишининг олдини олишда божхона ходимларига уларнинг тўрт оёқли сафдош дўстлари яқин кўмакдошдир.
Таъкидлаш жоизки, бошқарманинг кичик инспектор-кинологларига бириктирилган хизмат итлари гиёҳвандлик воситалари ва портловчи моддаларни қидириб топиш йўналишида ўргатилган. Шунингдек, қўшимча равишда 3 та хизмат итига “Валюта қимматликларини қидириш”, 2 та хизмат итига “Кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва психотроп моддаларни қидириш” ҳамда 1 тасига “Тамаки маҳсулотларини қидириш” йўналиши ўргатилган.
2023 йил давомида кичик инспекор-кинологларга бириктирилган хизмат итлари ёрдамида чегара ва ички ҳудудда жами 39 та ҳолат аниқланган. Парахат Шариповга бириктирилган “Забар” лақабли хизмат ити ёрдамида ўтган йилда 15,55 гр. героин, 11,7 гр. опий гиёҳвандлик воситалари аниқланган.
Давлатимиз иқтисодий хавфсизлиги, юрт тинчлиги йўлида божхона ходимларига хизмат итларининг меҳнатлари инобатга олиниб, 2023 йилда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси тасарруфидаги божхона постларида ўз фаолиятини олиб бораётган тажрибали кичик инспектор-кинологларга бириктирилган хизмат итларидан 3 таси Ўзбекистон Республикаси божхона қўмитаси томонидан “Хизмат ити нишони” билан тақдирланди. Мазкур номзодлар орасида “Забар” лақабли ит ҳам бор.
Бу каби рағбатлантиришлар аслида ушбу хизмат итлари бириктирилган кичик инспектор-кинологларга берилган баҳодир. Қайд этиш лозимки, бундай кўрсаткич ва натижалар ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг негизида тинимсиз машқлар, итни тушуниш ва ўргатиш қобилияти, унга бериладиган эътибор ва меҳр ҳам бор.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.