Футбол бўйича Қатарда давом этаётган Осиё кубоги ўйинларининг гуруҳ босқич баҳслари ортда қолди. Ғалвир сувдан кўтарилди. 1/8 финал учрашувларида иштирок этадиган 16 та миллий терма жамоалар ва уларнинг рақиблари маълум бўлди.

Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё кубоги 1/8 финалидаги рақиби Таиланд терма жамоаси бўлди.

Таиландликлар кеча ўтказилган гуруҳ босқичининг 3-тур учрашувида Саудия Арабистони билан дурангга эришиб, “F” гуруҳида 2-ўринни эгаллади.

Энди Сречко Катанец бош мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси 30 январь куни Қатардаги “Ал-Жануб” стадионида Таиланд билан куч синашади. Қитъа кубоги 1/8 финалида шунингдек, Австралия – Индонезия, Тожикистон – БАА, Ироқ – Иордания, Қатар – Фаластин, Саудия Арабистони – Жанубий Корея, Баҳрайн – Япония, Эрон – Сурия куч синашади.

Эслатиб ўтамиз, Осиё кубогининг1/8 финал ўйинлари 28-31 январь кунлари ўтказилади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА