RCP&BIRD танлов грант дастурлари эълон қилинди

“RCP&BIRD” дастурларининг мақсади бизнес концепциясини мавжуд илмий-тадқиқот ва ишланмалар натижаларини тижоратлаштиришга йўналтирилган лойиҳаларни ҳамда юқори технологияли ишланмаларни тижоратлаштиришни молиялаштириш, технологияларни лицензиялаш ва стартап компанияларни ташкил этишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Жаҳон Банки “Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш” (“MUNIS”) лойиҳасини амалга ошириш гуруҳи томонидан инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Research Commercialization Program & Business Investments in Research & Development” (RCP&BIRD) танлов грант дастурларини эълон қилинди. Ушбу дастурларга илмий ҳамжамият ва бизнес соҳа вакиллари, олим-тадқиқотчи, ихтирочи, инноватор ва стартаперларни фаол жалб қилиш, улар ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, тижоратлаштиришга оид масалаларини муҳокама қилиш мақсадида, Тошкент шаҳрида танлов шартлари ва талаблари, йўналишлари, ариза топшириш ва экспертиза жараёнлари бўйича батафсил маълумотларни тақдим этишга қаратилган амалий семинар ўтказилди. Тадбир Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида онлайн ва офлайн шаклларда ташкил этилди.
Семинарда халқаро бизнес-экспетлар ва Жаҳон Банки халқаро маслаҳатчилари асосий спикер сифатида ўз маърузалари билан иштирок этди. Тадбир давомида илмий ютуқларни тижоратлаштириш, илмий ишланмаларга инвестицияларни жалб этиш долзарблиги муҳокама қилиниб, RCP&BIRD дастурлари ҳақида умумий маълумот берилди ҳамда аризаларни топшириш, уларни кўриб чиқиш тартиби, грант шартлари ва талаблари каби масалалар қамраб олинди.
Семинарда жами 200 нафардан ортиқ тингловчи офлайн ҳамда 300 нафардан ортиқ иштирокчи онлайн тарзда қатнашди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, MUNIS лойиҳаси учта асосий компонентдан иборат бўлиб, улар тадқиқот ва ишланмаларнинг (R&D) таъсири ва иқтисодий қийматини ошириш, янги ёки такомиллаштирилган маҳсулотлар, технологиялар ва жараёнларни ишлаб чиқиш учун корхона даражасидаги инновацияларни рағбатлантириш, шунингдек, Халқаро экспертлар кенгаши (IEC) ва технологиялар трансфери маркази (CTT) каби янги институтларни яратишдан иборат.
Лойиҳа доирасида корхоналар даражасида инновацияларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда бозорда талабга эга юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган, хизматлар кўрсатадиган компаниялар, тадбиркорлар, инновацион стартапларга грантлар кўринишида молиявий кўмак бериш кўзда тутилган. Лойиҳа грант шартномаси имзоланган санадан бошлаб, 24 ойгача бўлган муддатда амалга оширилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА