Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида брифинг ташкил этилди. 2023 йил якунлари таҳлил қилинган тадбир, шунингдек, 2024 йил ушбу давлатда буюк шоир, мутафаккир, ўзбек ва туркман халклари дўстлиги тимсоли бўлган Маҳтумқулига бағишлаб “Маҳтумқули Фироғийнинг ақл хазинаси” деб эълон килиниши мавзусига ҳам бағишланди.

Анжуманда Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, ижодий ва илмий ходимлар, зиёлилар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Туркманистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шодурди Мередов иштирокчиларни ички ва ташқи сиёсатнинг барча йўналишларида муҳим ютуқлар, улкан муваффақиятларга бой кечган 2023 йил – “Бахтли ёшлар Aрқадағ Сердар билан” йили якунлари билан таништирди.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов томонидан мамлакатнинг иқтисодий қудратини, халқ фаровонлигини янада ошириш, ижтимоий-маиший шароитларни яхшилаш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, шунингдек дунё тинчлигини мустаҳкамлашга қаратилган оқилона сиёсат олиб борилаётгани қайд этилди.

Мамлакатда савдо-иқтисодиёт, нефть-газ, транспорт, алоқа ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар Туркманистон тараққиётига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Элчи жаҳон миқёсида мавқеи изчил мустаҳкамланаётган Туркманистон ташаббуси билан 2023 йил БМТ Бош Aссамблеяси томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган 4 та резолюцияни қайд этди.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги фаол ҳамкорлик жадаллашаётгани таъкидланди. Кўп йиллар давомида олий даражада ривожланиб келаётган очиқ, конструктив ва дўстона сиёсий мулоқот муваффақиятлар омили эканига урғу берилди.

Дарҳақиқат, икки давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқоти чоғида Туркманистон – Ўзбекистон стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ энг муҳим масалалар кўриб чиқилмоқда.

2024 йил Туркманистонда Махтумқули таваллудининг 300 йиллиги кенг нишонланади. Бу улуғ адибнинг сатрлари теран фалсафий ғояга йўғрилгани билан аҳамиятлидир. Эндиликда Маҳтумқулининг орзулари рўёбга чиқиб, жаҳон харитасида бирдам, ҳамжиҳат, тараққий этган Туркманистон давлати пайдо бўлган. Эътиборли томони, кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабат янгича ривожланиш босқичига чиқди. Бу каби адабий анжуманлар дўстлигимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Юртимизда ҳам Маҳтумқулидек мутафаккир шоирларнинг ижодини ўрганиш, асарларини чоп этиш доимий эътиборда. Тўй-тадбирларимизда Маҳтумқули сўзи билан куйланувчи қўшиқлар доим баралла янграйди. Пойтахтнинг кўркам марказий хиёбонларидан бирига шоирнинг меъморий ёдгорлиги ўрнатилгани, шу файзли кўчага унинг номи берилган ҳамжиҳатлигимизнинг ёрқин далилидир. Дўстлик риштаси тобора мустаҳкамланишида ижодий алоқалар, бетакрор маърифий лойиҳаларнинг ўрни беқиёс.

Гўзал Сатторова,

Рустам Назарматов (сурат), ЎзА