Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзоларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова мурожаатлар билан ишлаш тизими тўлиқ рақамлаштирилганини қайд этди.

Бу давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 майдаги “Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилди.

Ҳозирда мурожаатчиларга яна қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида Омбудсманнинг мобил иловаси устида ишланмоқда. Унда фуқароларга онлайн маслаҳат бериш, мурожаатнинг ижро ҳолатини онлайн равишда мониторинг қилиб бориш, мобил илова орқали мурожаат ижроси юзасидан тегишли ташкилотлардан юборилган жавоб хатлари, статистик маълумотлар билан танишиш, сўровномалар ўтказиш каби хизматлар жорий этилиши кўзда тутилган.

2023 йилда Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар 18 минг 622 тани ташкил этган.

Мурожаатларнинг 15 минг 934 таси фуқаролардан, 2 минг 662 таси маҳкум ва маҳбуслар ҳамда уларнинг яқинларидан, 26 таси чет эл фуқаролари ва хорижий давлатлар омбудсманларидан келиб тушган.

Омбудсман томонидан давлат органлари ва ташкилотлари ва судларга фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 170 таъсир чораси шаклидаги ҳужжатлар, жумладан, 35 тақдимнома, 37 хулоса ва 98 ариза ва даъво аризалар киритилган. Бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 28 фоиз, 2021 йилга нисбатан 81 фоизга кўпдир.

Мурожаатларни кўриб чиқиш ва таъсир чораларини қўллаш натижасида фуқаролар ҳамда маҳкум (маҳбус) ва уларнинг яқинлари манфаатида жами 2 миллиард 130 миллион сўм ундирилган. Шундан, 1,1 миллиард сўм иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига тўғри келган.

Шунингдек, 38 нафар фуқаро ишга тикланган, 23 нафар фуқаро иш билан таъминланган, Омбудсман мурожаатига асосан Давлат меҳнат инспекциялари томонидан судларга 11 даъво аризаси киритилган.

Омбудсман комиссия аъзоларини мурожаатлар билан ишлаш, қийноқларнинг олдини олиш, мониторинг ва ҳуқуқий таҳлил, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий тарғибот ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш йўналишидаги фаолияти билан таништирди.

Омбудсман ҳузурида тузилган илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этган мажлисда кун тартибига қўйилган барча масалалар юзасидан аниқ таклифлар билдирилди ва комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Н.Абдураимова, Д.Эрназаров (сурат), ЎзА