АОКАда “Ўзархив” агентлиги томонидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикасида архив ишини ривожлантиришнинг 2023 йилга мўлжалланган режаси 18 та кўрсаткич бўйича бажарилиб, шундан 17 та кўрсаткич бўйича ошириб бажарилган.

“Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларни ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш” ахборот тизимида жами 48 минг 486 та фонд, 50 минг 709 та рўйхат, 704 минг 796 сақлов бирлиги ва 358 минг 269 ҳужжат базаси яратилган. Тадқиқотчилар ва бошқа фойдаланувчилар ҳозирда ушбу тизимдаги маълумотлар билан doc.archive.uz орқали танишиш имкониятига эга.

Ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганилган ҳолда “Идоравий электрон архив” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, 2023 йилнинг 15 декабрида амалиётга жорий этилди. 2024 йилда ушбу ахборот тизими Давлат архивлари манбаи ҳисобланган 8 мингга яқин давлат идоралари ва ташкилотларида жорий этилиши ва унга 100 мингдан зиёд фойдаланувчи уланиши режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, Президентнинг 2023 йил 24 майдаги тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳозирда бир нечта ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, архив иши бўйича давлат назоратини онлайн рўйхатга олишни ташкил этиш мақсадида “Давлат назорати” ахборот тизими nazorat.archive.uz ишлаб чиқилиб, тест-синов тариқасида жорий қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган давлат архивлари тўғрисидаги маълумотларни жамлайдиган “Ўзбекистон архивлари” портали portal.archive.uz жорий этилди.

2023 йил мобайнида АҚШ, Польша, Германия, Чехия, Швеция, Франция, Буюк Британия, Япония, Россия Федерацияси, Қирғизистон, Қозоғистон каби хорижий мамлакатлардан жами 64 та хорижий фойдаланувчилар давлат архивлари ўқув залларига ташриф буюрган. Шулардан 43 тасига архив материалларидан ўрнатилган тартибда фойдаланишга 1 йилга амал қилувчи рухсатнома берилган бўлиб, 36711 сақлов бирлигидаги ҳужжатлар тадқиқотчиларга фойдаланиш учун тақдим этилган.

2023 йил 19-22 сентябрь кунлари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг архив хизматлари раҳбарлари Маслаҳат кенгашининг 19-йиғилиши ҳамда унинг доирасида “Электрон ҳужжатларни сақлаш: технологиялар ва усуллар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилди. 2023 йил 21 сентябрда Самарқанд шаҳрида “Ўзархив” агентлиги ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Архив бош бошқармаси ўртасида архив иши ва иш юритиш соҳасида Англашув меморандуми имзоланди.

2023 йил 6 декабрда Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлигининг Архивлар, ҳужжатлаштириш ва китоб иши қўмитаси ҳамда “Ўзархив” агентлиги ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш тўғрисидаги келишувларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича 2023-2026 йиллар учун амалий ҳаракатлар режаси имзоланди. Ҳозирда ушбу режа асосида қўшма нашр устида иш олиб борилмоқда ва Қозоғистонда Ўзбекистондаги архив ҳужжатлари кўргазмаси ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, халқаро ҳамкорлик бўйича яна бир лойиҳа – Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг ҳамкорлигига оид архив ҳужжатларидан иборат тўплам тайёрланмоқда. 2024 йилда нашрдан чиқариш ҳамда унинг тақдимотини ўтказилиш режалаштирилган.

Гулноза Бобоева, ЎзА