Хизмат сафаридаги учрашув

269

Шу кунларда тадбиркор аёллар ва давлат органлари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси аъзолари Лондонда хизмат сафарида бўлиб турибди.

Хотин-қизлар жамияти ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва уни юритишнинг илғор тажрибаларини ўрганиш мақсадида ташкил этилган ташрифнинг биринчи кунида Ўзбекистон тадбиркор аёллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки – ЕТТБ ҳамкорлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Иштирокчилар бизнесни ривожлантиришнинг энг истиқболли йўналишлари, шунингдек, ЕТТБ нинг бизнесни бошлаш ва уни самарали юритиш бўйича мақсадли дастурлари билан танишдилар. Хусусан, Аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришнинг ижобий тенденциялари ЕТТБ дастурларида иштирок этувчи 23 давлат, шу жумладан Миср, Иордания, Тунис ва бошқа давлатлар тажрибасида кўрсатилди.

Бизнес-омбудсман девони маълумотига кўра, ЕТТБ дастури амалга оширилган 3 йил давомида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун 380 миллион доллардан ортиқ маблағ жалб қилинди, 3 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди, ЕТТБ дастурлари доирасида яратилган стартапларнинг ўртача айланмаси 20 баробар ошди.

ЕТТБ кўмагида Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини юритиш учун шароитлар ҳам яхшиланди. 2020-2022-йилларда Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес субъектлари томонидан 4000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди, меҳнат унумдорлиги 45 фоизга кўтарилди, корхоналарнинг 27 фоизи ташқи иқтисодий фаоллигини оширди.

Гулноза Бобоева,ЎзА