Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирлик ва идоралар, ҳуқуқ тартибот органлари раҳбарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиққанлар, маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш, унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлаш, маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга қаратилаётган чора-тадбирларга тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда миллий ўзлигимиз тимсоли, бетакрор қадрият ва анъаналаримиз бешиги бўлган маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ўрни ва обрўсини, ваколатларини ошириш, моддий техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Тизимни такомиллаштиришга қаратилган юзга яқин ҳуқуқий норматив ҳужжат қабул этилгани, барча соҳа ва йўналишлар бўйича маҳалла кесимида ишлаш усули кенг жорий этилиб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторидан иборат таъсирчан тизим фаолияти йўлга қўйилгани самарали натижа бераётганини алоҳида таъкидланди.
Бугунги кунда ҳамма иш маҳаллада халқимиз билан биргаликда ташкил этилмоқда. Бу тизим босқичма-босқич ривожлантирилиб, унга қўшимча куч ва имкониятлар берилаётгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, маҳалла тинч бўлса – юртимиз тинч, маҳалла обод бўлса – бутун мамлакатимиз обод бўлади.
Ташкилий йиғилишда Сағиндиқ Турганбаевич Турманов – Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.