Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Юк ва йўловчиларни ташишда автотранспорт воситаларига йўл варақаларини электрон шаклда расмийлаштириш ва юритиш тизимини жорий этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, 2024 йил 1 апрелдан 2024 йил 1 октябрга қадар юк ва йўловчиларни ташишда автотранспорт воситаларига йўл варақаларини электрон шаклда расмийлаштириш ва юритиш тизимини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилади.

Тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш даврида:

электрон йўл варақалари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг “Uztrans” ягона интерактив ахборот тизимининг “Электрон йўл варақа” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали расмийлаштирилади ва юритилади;

электрон йўл варақалари ташкилий-ҳуқуқий шакли ва мансублигидан қатъи назар, автомобиль транспортида юк ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар томонидан мустақил равишда расмийлаштирилади;

йўл варақаларининг қоғоз шаклидан фойдаланишни чекламаган ҳолда унинг электрон кўринишига босқичма-босқич ўтиш таъминланади;

электрон йўл варақалари тизими шахсий енгил автомобилида йўналишсиз такси сифатида йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчи жисмоний шахслар учун амал қилмайди;

электрон йўл варақалари тизими платформасини яратиш, жорий этиш ва унга хизмат кўрсатиш учун Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган техник талаблар асосида манфаатдор ташкилотлар танлов асосида жалб этилиши мумкин;

электрон йўл варақалари тизимидан фойдаланганлик учун йиғим ундирилмайди.

Қарор билан юк ва йўловчиларни ташишда автотранспорт воситаларига йўл варақаларини электрон шаклда расмийлаштириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом ҳам тасдиқланди.

Низомда:

электрон йўл варақаларига қўйиладиган талаблар ва уларнинг турлари;

электрон йўл варақаларини расмийлаштириш, қайта ишлаш ва сақлаш;

электрон йўл варақалари юритилишини назорат қилиш ҳамда улар ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиш тартиби белгилаб берилган.

Қарорда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги 2024 йил якунига қадар мазкур қарорга асосан амалга ошириладиган тажриба-синов лойиҳаси натижаларидан келиб чиқиб, ижобий ва салбий ҳолатларини инобатга олган ҳолда электрон йўл варақалари тизимини такомиллаштириш ва йўл варақаларининг қоғоз шаклидан тўлиқ воз кечиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши назарда тутилган.

 

ЎзА