Мамлакатимиз спортчилари учун Франция пойтахти Парижда ўтадиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланмаларни тақдим этадиган саралаш мусобақаларида муносиб иштирок этиш устувор вазифалардан бири саналади.

Ҳозиргача юртимиз спортчилари 17 та Олимпия ва 34 та Паралимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритган бўлса, бир қатор спорт турларида рейтинг очолари учун қизғин баҳслар бошланиши арафасида турибди.

Эртага, 26 январь куни Мисрнинг Қоҳира шаҳрида ўқ отиш спорти бўйича бошланадиган жаҳон кубогининг биринчи босқич мусобақалари ҳам «Париж-2024» йўлидаги муҳим беллашувлардан бири саналади.

«Париж-2024» Олимпиадаси учун рейтинг очколарни тақдим этадиган мазкур мусобақада иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари айни кунларда Мисрда масъулиятли мусобақага тайёргарликнинг сўнгги босқич машғулотларида иштирок этмоқда.

Жаҳон кубоги баҳсларида Ватанимиз шарафини 10 метрдан пневматик тўппончадан отиш дастурида Владимир Свечников ва Муҳаммад Камалов, 10 метрдан пневматик милтиқдан отиш дастурида Жавоҳир Соҳибов ва Мухтасар Тоҳирова ҳимоя қилади.

Жаҳон кубоги мусобақалари 31 январга қадар давом этади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА