Шу кунларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти ва масъул ходимларидан иборат Ўзбекистон Республикаси делегацияси Қатар давлатида бўлиб турибди.

Ташриф дастурига мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов Қатар давлатининг Маъмурий назорат ва шаффофлик идораси президенти Хамад бен Насер Аль Миснед билан учрашди.

Учрашув мобайнида ўзаро ҳамкорлик меморандуми доирасида 2024-2026 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси имзоланди.

Режа томонлар ўртасида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш, давлат идоралари фаолияти очиқлигини таъминлаш ҳамда БМТ аксилкоррупция стандартларини миллий амалиётга татбиқ этишда мунтазам ва яқиндан тажриба алмашиш каби масалаларни ўз ичига олади.

Жумладан, Ҳаракатлар режасида коррупцияга қарши курашишни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, давлат хизматида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва фаолият очиқлигини таъминлаш бўйича тажриба алмашиш, спорт соҳасида ҳалоллик ва шаффофликни таъминлаш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш, e-antikor платформасини такомиллаштиришда Қатар давлати тажрибасини ўрганиш кабилар асосий йўналишлари сифатида белгиланган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати хабарига кўра, мулоқот якунида муҳокама қилинган ҳамкорлик йўналишларида ишларни жадаллаштиришга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА