Ҳозирги кунда таълим жараёнида интерфаол методлар, инновацион технологиялар ва ресурсларни қўллашга бўлган эътибор кундан-кунга кучайиб бормоқда.

Шу вақтгача анъанавий таълимда ўқувчилар фақат тайёр билимларни эгаллашга ўргатилган бўлса, замонавий технологиялар уларни эгаллаётган билимларини ўзлари қидириб топиш, мустақил ўрганиш ва хулоса қилишга ўргатади.

Бу жараёнда ўқитувчи шахснинг ривожланиши ва билим олишига шароит яратади. Шу билан бир қаторда, ушбу технология ва ресурслардан фойдаланишда йўналтирувчи вазифасини бажаради.

Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази физика, кимё, биология фанларини чуқур ўрганишга мўлжалланган дидактик материаллар ва мультимедиа маҳсулотларининг янги авлодларини тайёрлаш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Инновация, технология ва стратегия маркази (ITSM) билан ҳамкорликда бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Хусусан, ITSM билан биргаликда Педагогик маҳорат ва таълим технологиялари (PhET, Nearpod, Kahoot) бўйича ўзбек ва рус тилларида ўқув-услубий қўлланма ишлаб чиқилди.

Ушбу қўлланмада PhET, Nearpod ва Kahoot ўқув платформалари ёрдамида таълим жараёнини самарали ташкил этиш, платформаларда шахсий аккаунт яратишдан бошлаб, унинг барча функциялари ҳақида батафсил маълумотлар берилган.

Шунингдек, платформалар ёрдамида интерфаол топшириқлар, дарс режалари, мустақил вазифалар, тестлар, викториналар, дарс тақдимотлари, танланган мавзулар бўйича видео контентлар, тарқатма материаллар яратиш ёки тайёр ўқув ресурсларидан дарс жараёнида фойдаланиш мумкин.

Яратилган ҳар бир топшириқ ўқувчиларга тадқиқотларда интерфаол тарзда иштирок этиш, ўз фикрларини айта олиш ва уни бошқалар билан муҳокама қилиш, муаммоли саволларга жавоб топиш имконини беради ва уларнинг тадқиқий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган.

ЎзА