Оташнафас шоир

Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг кўп жилдли “Танланган асарлар”и тақдимоти бўлиб ўтди. Уюшманинг анжуманлар залига шоир ижодининг мухлислари сиғмади, десак янглишмаймиз.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид атоқли шоир Усмон Азимнинг ижод йўли хусусида батафсил сўз юритди.
– Бизнинг буюк адабиётимиз бор, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид. – Унинг буюклигига, ривожига ҳисса қўшиш учун барчамиз масъулмиз. Усмон Азим шеърият, адабиёт, халқ учун, элининг ҳақи-ҳурмати ҳеч қачон сўзга, адабиётга хиёнат қилмаган ижодкор. У ўзбек шеъриятининг катта чўққиларидан бири, йирик намояндаларидан биридир. Усмон Азим мақтовга, унинг асарлари тарғиботга муҳтож эмас. Айни пайтда бу тадбиримизни адабий дийдорлашув, десак ҳам бўлади. Усмон ака шеъриятга илк бахшиёна оҳангларни олиб кирган шоир.

– Усмон Азим – адабиётимиздаги алоҳида эстетик ҳодиса, – деди адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев. – Унинг ижоди ўзбек шеърияти, драматургияси, адабиётшунослиги, прозасини ўзида намоён эта олган. У наинки бугунги кун учун, балки эртанги кун учун ҳам яроқли асарлар яратаётган ижодкордир. Шоир шеърларидаги топилмаларнинг ҳеч қайси ижодкорда учрамаслиги диққатга сазовордир. Унинг шеърлари ташбеҳларга жуда бой. Ижодкор дунёни бошқалар илғамайдиган нигоҳ билан кўради. Усмон Азим бу дунёнинг ташвишларидан юз бурмай, ўз фикрини дадил, очиқ айтадиган ижодкордир.
– Китобхон шоирни биргина шеъридан танишни, яхши кўришни бошлайди, – деди Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Мирзо. – Бугунги тасвирий санъатнинг ҳам, адабиётнинг ҳам камчилиги шундаки, ижодкор борлиқни қандай бўлса шундайлигича асарга кўчиради. Усмон Азим шеъриятида эса образлилик кучли. У қандай инсон бўлса, шеърияти ҳам шундай. Яъни Усмон Азим – кенг кўламли, баракали ижодкор. Шундай устоз шоирлардан илҳом олган ҳолда бугун ўзбек шеърияти ҳам кучга тўлиб бормоқда.
– Навоийни англашга интилмаганимда, эҳтимолки , Усмон Азим шеъриятини ҳам тушунмаган бўлардим, – деди адабиётшунос олима Каромат Муллахўжаева. – Усмон ака адабиётнинг барча жанрларида яйраб ижод қилади. Бу унинг мумтоз адабиёт, дунё адабиётини мукаммал билишидан дарак беради.

Дарҳақиқат, адабий кечада қайд этилганидек, Усмон Азим курашчан, ўз сўзи, ўз овозига эга бўлган ижодкор, жасоратли сатрлар соҳибидир.
Адабиётшунос олим Нурбой Жабборовнинг фикрича, Усмон Азим ҳақиқатни ҳаёт, ижод концепциясига айлантирган ижодкордир. Унинг шеърияти тафаккурни чархлайди, бадиий идрокни камолотга ундайди.
Тақдимоти ўтказилган тўпламнинг 1-2-жилдлари аллақачон ўз мухлисларига эгадир. Унинг 3-жилдида шоирнинг 2001 йилдаги “Куз” ва 2010 йилда нашр этилган “Фонус”, 4-жилдида “Юрак” ва “Жимлик”, 5-жилдида “Коллаж” ва “Кўнгил”, 6-жилдида “Бир парча осмон” номли тўпламларидан олинган энг сара шеърлари жам бўлган. Ижодкорнинг кўп шеърларида воқеани бутун мукаммаллиги билан идрок этиши, воқеа драмасини кўра олишга гувоҳ бўласиз. Шеърларининг мазмун-моҳияти ўқувчини ҳаёт, борлиқ, жамики мавжудликлар ҳақида мушоҳада этишга ундайди. Китобнинг 7-жилдида Усмон Азимнинг “Салтанат”, “Ғоз”, “Соҳибқирон ва уста”, “Қиёмат”, “Самарқанд”, “Севги” ва бошқа сара ҳикоялари жамланган.

Ушбу кўп жилдли “Танланган асарлар” Ғафур Ғулом номли нашриётда чоп этилган. Тадбирда шоирнинг ижод йўли, асарлари ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Усмон Азимнинг илк шеърий китоби 1979 йилда “Инсонни тушуниш” номи билан нашр этилган. У 2000 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига, шунингдек, энг яхши шеърий асарлари номинацияси бўйича “Офарин” мукофоти, Грузиянинг В.Маяковский номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган.
Шоирнинг “Ҳолат” (1979), “Оқибат” (1980), “Кўзгу” (1983), “Сурат парчалари” (1985), “Дарс”(1985), “Иккинчи апрель” (1987), “Бахшиёна” (1989), “Ғаройиб аждарҳо” (1990), “Уйғониш азоби” (1991), “Ғусса” (1994), “Узун тун” (1994), “Бор эканда, йўқ экан” (1995) шеърий ва “Жоду” (2003) насрий тўпламлари чоп этилган. Шоир 1995 йилда “Сайланма” шеърий китобини нашр эттирди.

Усмон Азимнинг “Кундузсиз кечалар” (1998), “Алпомишнинг қайтиши” (2000), “Бир қадам йўл” (2002), “Ўтган замон ҳангомалари” (2003), “Адибнинг умри” (2005) драмалари саҳналаштирилган. Унинг асари асосида саҳналаштирилган спектакллар, суратга олинган фильмлар бир қатор фестивалларда мукофотга сазовор бўлган.
– Бу адабий тўпламнинг биринчи қисми, унинг яна давоми бор, – деди учрашувда Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим. – Проза, драматургиянинг бир қисми ҳам кейинги тўпламлардан ўрин олади.
Адабий кечада шоир сўзи билан куйланувчи қўшиқлар, унинг ижод намуналари янгради. Айниқса, шоирнинг ўзи янги шеърларидан ўқиб бергани адабиёт мухлисларида катта таассурот уйғотди.

Назокат Усмонова, Аҳмад Тўра (сурат), ЎзА