Хитой компаниялари билан янги инвeстицион лойиҳалар амалга оширилади
“Ўзчармсаноат” уюшмаси делегацияси Хитой халқаро савдони ривожлантириш палатасининг Дунгуань шаҳар кенгаши раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Ўзбекистонда ташкил этилган ихтисослаштирилган кичик саноат зоналарида Хитой капитали асосида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш масаласи муҳокама этилди.
Мулоқотда “Ўзчармсаноат” уюшма делегатлари компания вакилларига мамлакатимизда сўнги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, ишлаб чиқариш жараёнлари, хорижий сармоядорлар учун яратилган имконият ва шароитлар, божхона ҳамда солиқ имтиёзлари, логистика каби қатор йўналишларда маълумот тақдим этди.
Хитой халқаро савдони ривожлантириш палатасининг Дунгуань шаҳар кенгаши раҳбарияти Ўзбекистонда яратилган қулай бизнес муҳити мазкур шаҳар корхоналарининг ишбилармонлик фаолияти учун жуда муҳим йўналишлар эканини маълум қилди. Хусусан, мамлакатимиздаги мавжуд чарм саноат соҳасига ихтисослаштирилган кичик саноат зоналарида Хитой капитали асосида табиий чармдан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи лойиҳаларни амалга ошириш таклифи билдирилди.
Хитой халқаро савдони ривожлантириш палатасининг Дунгуань шаҳар кенгаши жорий йилда Ўзбекистонга ташриф буюриб, кичик саноат зоналари жойлашган ҳудудларни, инфратузилма билан яқиндан танишадиган бўлди. Шундан сўнг Хитой компанияларини ушбу кичик саноат зоналарига таклиф қилишини маълум қилди.
Мулоқот сўнгида жорий йилнинг 25 январь куни Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон – Хитой инвестиция форумида “Ўзчармсаноат” уюшмаси ҳамда Хитой халқаро савдони ривожлантириш палатасининг Дунгуань шаҳар кенгаши ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланадиган бўлди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА