Элчихонадан хайрли ташаббус: истиқболли ҳамкорлик давом этади
Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Араб Амирликларидаги элчихонаси томонидан “PraeLegal Uzbekistan” юридик фирмаси ва “Falcon” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон бозорига инвестиция лойиҳалари кириб келишида ҳал қилувчи хулоса ва таклифлар тақдим этадиган халқаро консалтинг ва юридик компаниялар ҳамда инвестиция жамғармалари вакиллари иштирок этди. Тадбирда мамлакатимизда сўнгги йилларда қулай инвестиция муҳитини яратиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, инвестицияларнинг ҳимояланганлик даражаси аниқ мисоллар асосида намойиш этилди.
Тадбирнинг биринчи панель сессиясида “PraeLegal Uzbekistan” юридик фирмаси вакили М. Рўзиев модераторлик қилди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вакили Т. Курокбоев, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакили Ш. Раҳимов ҳамда “PraeLegal Uzbekistan” юридик фирмаси раҳбари Ш. Абдулқосимов томонидан Ўзбекистондаги инвестиция муҳити, мавжуд қонунчилик, хорижий инвесторлар учун берилган ҳуқуқий ва солиқ имтиёзлари ҳамда хизматлар тўғрисида батафсил маълумот ва тавсиялар тақдим этилди.
“Norton Rose Fulbright” юридик фирмаси вакили Н.Креймер модераторлик қилган иккинчи панель сессияда эса Тошкент халқаро арбитраж маркази директори Д. Байзакова, “PraeLegal Uzbekistan” юридик фирмаси вакили М. Рўзиев томонидан Ўзбекистон Республикасининг суд тизими ва юзага келиши мумкин бўлган низоларни ҳал қилишнинг муқобил усули, икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш бўйича келишувларни кўриб чиқиш тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, тадбирда Дубай халқаро молия маркази суд идораси (DIFC Courts) бош регистратори Амна Ол Оваис DIFC судларининг ташкил этилиши ва фаолияти учун қонунчилик интеграциялаш жараёнидаги тажриба ва муаммоларга тўхталди.
“Holiday factory” компанияси томонидан намойиш этилган мамлакатимиз туризм салоҳиятини акс эттирувчи тақдимот тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Видеороликлар тўплами меҳмонхона мониторларида намойиш этиб борилди. Туризм, миллий қадриятлар ва санъат асарларидан иборат кичик кўргазма ташкил этилди. Тадбир якунида иштирокчилар учун миллий таом – ош тортилди. Туризм салоҳиятини ривожлантириш, ташриф буюрувчи туристлар сонини янада ошириш ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Туризм қўмитасидан иштирок этган делегация вакили “Holiday Factory”
ва “VFS Global” компаниялари билан музокаралар ўтказди.
Тадбирда DIFC эркин зонаси иштирокчилари, халқаро консалтинг ва юридик компаниялар минтақавий офислари вакиллари, Ўзбекистон бозорига кириш истагида бўлган компаниялар юристлари иштирок этгани жуда аҳамиятли бўлди. Хусусан, инвесторларга яратилган имкониятларга қўшимча равишда компанияни рўйхатдан ўтказиш ва уни хорижлик томонидан бошқарилиши, умумий меҳнат муносабатлари, иш берувчига қўйиладиган талаблар, маҳаллий ишчилар ва маҳаллий ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан фойдаланишда мажбурият юкланиши ва бошқа шу каби кўплаб масалалар муҳокама қилинди.
Мазкур тадбирнинг хусусий бизнес вакиллари билан ташкил этилиши ўзига хос аҳамиятга эга. Жумладан, маълумот алмашинувига имкон яралди, Ўзбекистон ҳақидаги умумий тасаввур ва қарашлар янада бойиди. Энг асосийси келгусида амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳаларга ижобий хулосалар олиш имкони янада кенгайди.
Д.Салихова, ЎзА