Бугун Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлик муносабатлари кенг кўлам касб этиб, стратегик шериклик алоқалари юксак даражага кўтарилмоқда. Мамлакатларимизнинг миллий манфаатлари, ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, жаҳондаги нуфузи юксалишига хизмат қиладиган бу алоқалар ўзаро дўстлик, мустаҳкам ишончга асосланган ҳамкорлик негизида тараққий этмоқда.

Сўнгги йилларга эътибор қаратилса, Ўзбекистон-Хитой ўзаро товар айланмаси қарийб 40 фоизга ошган. Инвестицион лойиҳалар 5 баробарга ошган бўлса, мамлакатларимиз ўртасидаги қўшма ҳамкорлик корхоналари сони 3 баробарга кўпайган. Албатта, буларнинг барчаси бугунги иқтисодий ривожланишнинг ягона кўринишидир.

Хитой Халқ Республикаси пойтахти Пекин шаҳрида жойлашган Ўзбекистон элчихонасида бўлиб ўтаётган «Ўзбекистон-Хитой аграр таълим форуми»да ҳам айни шундай ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўз навбатида илм-фанни ривожлантириш орқали қишлоқ хўжалигида янгича қараш, янгича муносабатларга ишонч билдирган ҳолда давлатимиз раҳбарининг Хитой Халқ Республикасига амалга ошираётган ташрифи кенг кўламли ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлашда алоҳида ўрин тутиши қайд этилди.

Айтиш керакки, Хитой Ўзбекистон билан кўп томонлама амалий ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, бу ҳам айнан хитойлик ҳамкорларнинг Ўзбекистонга қизиқишининг ниҳоятда кучли эканидан далолат беради.

Айниқса, охирги йилларда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Хитойнинг олиб бораётган сиёсати Ўзбекистон сиёсати билан ҳамоҳанглиги ҳамда кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқалари, минтақадаги тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги ташаббуслари эътиборга молик.

Давлатимиз раҳбарининг бу галги давлат ташрифи давомида кутилаётган юқори босқичдаги учрашувлар ва келишувлар икки мамлакат учун ҳам манфаатли бўлиши билан аҳамиятлидир.

Мухтасар айтганда, мазкур форум доирасида 34 та ҳамкор ташкилотлар билан қишлоқ хўжалиги фанларини ривожлантиришга қаратилган учрашувлар бўлиб ўтди.

Чунончи, Хитойнинг кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги, айниқса, озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишидаги қўлга киритган ютуқлари, ҳосилдорликни оширишга хизмат қиладиган янги технологияларини мамлакатимизда ҳам жорий этиш борасида келишувлар имзоланди.

Умуман олганда озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, ғўза селекцияси, умуман чигитдан олинадиган маҳсулот турларини кенгайтириш бўйича алоҳида лойиҳа ва қўшма лаборатория қуриш ҳамда қўзиқорин етиштиришни мамлакатимизда жорий этиш бўйича Хитой тажрибаси ўрганилмоқда.

Айтиш керак, балиқчилик соҳасида Хитойда жуда катта мактаб мавжуд. Айниқса, балиқ касаллигига қарши курашишнинг янги технологиялари, умуман ҳайвон касалликларининг олдини олиш борасида вакцинага бўлган талабни қондириш мақсадида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

Бу каби ҳамкорлик натижасида қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулотлар таннархини камайтириш, Хитой тажрибаси орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва озиқ-овқат исроф бўлмаслиги, агрологистика платформалари орқали уларни сақлаган ҳолда, экспорт ҳажмини ошириш бўйича катта қадамлар ташланмоқда.

Зеро, мазкур ташриф нафақат қишлоқ хўжалиги, балки барча соҳаларда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун дебоча бўлиб хизмат қилади.

ЎзА