Саудия Арабистони Подшоҳлиги ахборот агентлиги – SPA “Қимом” учинчи халқаро тоғ санъати фестивали тадбирларини кенг ёритди. Мамлакатнинг жануби-ғарбий қисмидаги тоғли ҳудуд – Асир вилояти маъмурий маркази Абҳа шаҳридаги “Малик” саройида бўлиб ўтган халқаро ижрочилик фестивалида 45 нафар маҳаллий ва халқаро жамоа иштирок этган.

Театр ва саҳна санъати бошқармаси томонидан тадбирда Ўзбекистон санъаткорлари тақдим этган, халқчиллиги ва латофати, оммабоплиги билан ЮНЕСКО репрезентатив рўйхатига киритилган “Лазги” рақси томошабинлар олқишига сазовор бўлгани эътироф этилган.

Номоддий мерос саналмиш “Лазги” жаҳон аҳлига бой миллий қадриятларимизни намоён этиши баробарида мамлакатимиз сайёҳлик жозибадорлигини оширишга ҳам хизмат қилаётгани қувонарли.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА