Кейинги пайтларда парламент қуйи палатаси ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар майдонига, чинакам “демократия мактаби”га айланиб бормоқда. Қонун лойиҳалари муҳокамасида ташаббускор идоралар вакиллари билан бирга, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти вакиллари ҳам фаол иштирок этиб, ўз хулосаларини билдириб келади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси ҳамда Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ҳар жиҳатдан пишиқ, пухта ва ҳаётий аҳамиятга эга қонун лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида ЎзЛиДеП фракцияси ҳамда институт ҳамкорлигини йўлга қўйиш, ишлаб чиқилаётган концепциялар, стратегиялар, қонун лойиҳалари юзасидан ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олиш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, парламентнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлардаги иштироки унинг фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашга бевосита боғлиқ. Бу борада парламентаризм муаммоларини тадқиқ этиш, ҳуқуқ, сиёсат, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда илмий тадқиқотлар ўтказиш, хорижий парламентлар ва халқаро парламентлараро ташкилотлар фаолиятини ўрганиш натижалари асосида парламент фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш институтнинг асосий вазифаларидан биридир.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш ва илмий тадқиқот соҳаларида тажриба алмашиш, сиёсий партия фракцияси томонидан амалга ошириладиган назорат тадбирларини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашни тизимли асосда ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси ҳамда Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

 

М.Комилова,  

ЎзА