Ўзбекистон ва Хитой давлатлари ўртасида турли жабҳаларда, хусусан фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик ривожланишнинг янги босқичига кўтарилмоқда.

Айни кунларда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори А.Азизов бошчилигидаги соҳа ходимлари Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.

Хизмат сафари қатор йирик фармкомпаниялари мутасаддилари билан учрашувларга бой бўлмоқда.

Хусусан, “China Chamber of Commerce for Import and Export of Medicine and Health Products“ етакчи савдо уюшмаси вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Мазкур нуфузли миллий савдо уюшмасининг фаолияти фармацевтика соҳасида халқаро савдо ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик масалалари музокаранинг асосий мавзусига айланди.

Сўнгра 140 дан ортиқ турдаги дори воситаларини ишлаб чиқарувчи “Youcare Pharmaceutical“ компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Ўз илмий-тадқиқот марказларига эга бўлган мазкур компания вакилларига Ўзбекистоннинг фармацевтика борасидаги инвестицион жозибадорлиги ҳақида тақдимот қилинди.

Шунингдек, жарроҳлик амалиёти учун столлар, диагностика мониторлари, сунъий нафас ва наркоз аппаратларини ишлаб чиқарувчи “AEONMED“ компанияси ҳамда тиббий буюм ва асбоб-ускуналарни ишлаб чиқаришга ихтисослашган ”LEPU Medical“ компаниялари вакиллари билан ҳамкорликнинг истиқболлари борасида музокаралар олиб борилди.

Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида, хусусан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий компанияларга яратилаётган шарт-шароитлар чет эл инвесторлари эътиборини тортаётгани сир эмас.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори А.Азизов бошчилигидаги экспертларнинг Хитой давлатига амалга ошираётган хизмат сафари доирасида учрашувларнинг яна бир манзили Сучжоу шаҳри бўлди.

Сучжоуда Агентлик вакиллари биофармацевтика ва илмий-тадқиқот йўналишларида иш юритувчи “Tianma Pharma Group“, тиббий буюмлар ва инъекция шприцларини ишлаб чиқарувчи ”B&H“, фаолияти халқ табобати борасида изланишлар олиб бориш ва доривор ўсимликлар асосида маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган ”Li Liang“, илмий тадқиқотлар олиб борувчи ва дори воситаларини ишлаб чиқарувчи ”Jiangsu Wuzhong Pharmaceutical Group Co. Ltd.,» тиббий буюм ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Jinsheng Medical“ ҳамда тиббий буюм ва асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарувчи ”Suzhou Glymate Laboratory Technology Development Co.Ltd.» компаниялари вакиллари билан учрашиб, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Дарвоқе, жорий йилнинг 10 январида қабцл қилинган “Фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида “Ташкент Фарма Парк” ҳудудида “Биотехнологиялар кластери”ни барпо этиш белгиланган. Ушбу вазифаларни бажаришда ҳам соҳа ходимлари томонидан ўрганилаётган Хитой тажрибаси айни қўл келади.

 

Моҳигул Қосимова,  

ЎзА