Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида миллат генофондини соғломлаштириш асосий мақсадлардан бири эканлиги белгиланган бўлиб, ўтган йили жорий этилган “ERP sport” ягона электрон бошқарув тизими спорт билан шуғулланувчиларнинг сон ва сифат кўрсаткичларини мониторинг қилиб боришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.
Айтиш лозим, илғор хорижий спорт-таълим технологияларининг трансферини амалга оширишда “ERP sport” ягона электрон бошқарув тизими ишга туширилгани айни муддао бўлди. Бироқ ушбу тизим фаолиятининг тўлақонли ишлашини таъминлашда мутахассисларнинг билим даражаси муҳим омил саналади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан спорт таълим даргоҳларида мураббий ва мутахассислар учун “ERP sport” ягона электрон бошқарув тизимидан фойдаланиш, унинг шаффоф ишлашини таъминлаш борасида ўқув-семинарлар ўтказиб келинмоқда.
Ўтган давр мобайнида 24 та қуйи ахборот тизимидан иборат “ERP sport” ягона электрон бошқарув тизими ишлаб чиқилди.
Жорий йилнинг 15-25 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида “ERP sport” ягона электрон бошқарув тизимидан фойдаланиш бўйича амалий ўқув семинарлар ўтказилиши йўлга қўйилди.
Шу кунларда жойларда тизимдан самарали ва тўлиқ фойдаланиш мақсадида қисқа муддатли малака ошириш курслари, семинар машғулотлари олиб борилмоқда.
Семинар якунида унинг иштирокчиларига махсус сертификатлар топширилиши назарда тутилган.
Т. Рўзиев, ЎзА