Наманганнинг “Навбаҳор” клуби айни кунларда Туркияда ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда. Сўнгги етти кун давомида жамоа Қозоғистон, Жанубий Африка Республикаси ва Россия клубларига қарши учта назорат ўйинида майдонга тушди.

Анталия йиғинида наманганлик футболчилар даставвал, Петропавловскнинг “Қизилжар” жамоаси билан куч синашди. Ушбу учрашувда қозоғистонликлар 2:1 ҳисобида зафар қучди. “Навбаҳор”нинг ягона голини Азимжон Аҳмедов киритди. Самвел Бабаян шогирдларига Туркия йиғини доирасидаги иккинчи назорат ўйинида ЖАРнинг “Гэлакси” жамоаси рақиблик қилди.

Учрашувда водийликлар дарвозасига жавобсиз бешта гол урган африкаликлар йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Таъкидлаш даркор, одатда назорат-синов ўйини ёки йиғинларда клублар асосий эътиборни футболчиларнинг жисмоний ҳолатини сақлаб туришга қаратади. Демак, ушбу учрашувда қайд этилган натижадан “Навбаҳор” мухлислари хавотир олмасликлари керак. Зеро, айтишадику, “Машқда қийин бўлса, жангда осон бўлади”, деб.

Туркиядаги об-ҳавонинг фавқулодда ўзгаргани кўплаб жамоалар қатори “Навбаҳор”нинг ҳам режаларини ўзгартиришига олиб келди. Яъни “Лочинлар” кейинги ўртоқлик беллашувини Россиянинг “Ахмат” жамоасига қарши ўтказишлари кўзда тутилганди. Бироқ Анталияда тўхтовсиз ёмғир ёққанлиги сабабли Грозний шаҳри жамоасига қарши ўртоқлик баҳси ўзаро келишувга асосан ўтказилмайдиган бўлди.

Шунга қарамай йиғиндан оқилона фойдаланиш мақсадида наманганликлар Россия премьер-лигаси вакили “Оренбург” клуби билан назорат учрашувини ўтказди. МДҲ давлатлари орасида ўз ўрнига эга бўлган жамоага қарши кечган беллашувда “Навбаҳор” бош мураббийи Самвел Бабаян клуб сафига янги келиб қўшилган Александр Лобанов, эронлик легионер Сияваш Ҳақназари, Русланбек Жиянов сингари футболчиларни синаб кўрди. Ўйин биринчи бўлимини асосан рақиб дарвозаси олдида ўтказган “Лочинлар” 42-дақиқада Иброҳим Йўлдошевнинг узоқдан йўллаган кучли зарбаси туфайли ҳисобни очди.

62-дақиқада оренбургликлар ўз жарима майдончаси ичида “Навбаҳор” вакилига нисбатан қўполлик ишлатди. Белгиланган пенальтини грузиялик ҳужумчи Тома Табатадзе бехато амалга оширди. Лекин наманганлик футболчилар ғалабани ушлаб қола олишмади. Сўнгги дақиқаларда ва ҳакам томонидан қўшиб берилган лаҳзаларда “Оренбург” жамоаси икки бор “Навбаҳор” дарвозасини ишғол этиб, мағлубиятдан қутилиб қолди. Шу тариқа, муросасиз ўйин 2:2 ҳисобидаги жанговар дуранг билан якунланди.

Оқилхон Дадабоев,

ЎзА мухбири