Хабарингиз бор, 2024 йил тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси ҳисобланган Олимпия йили саналади.

Хўш, Париж-2024 Олимпия ва Паралимпия йили номи билан кириб келган жорий спорт мавсумида мамлакатимизда қандай йирик спорт тадбирлари ўтказилади? Уларнинг сони қанчани ташкил этади-ю энг нуфузлилари айнан қайси ойларда, қандай спорт турлари бўйича бўлиб ўтади?

Спорт вазирлигидан олинган маълумотга кўра, жорий йил давомида юртимизда олимпия спорт турлари бўйича 82 та халқаро мусобақа ва спорт тадбирлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Халқаро мусобақалар мундарижасига эътибор қаратсак, бокс –2 та, волейбол – 9 та, велоспорт  – 3 та, гимнастика спорт турлари – 6 та, дзюдо   – 2 та, енгил атлетика  – 7 та, от спорт турлари  –10 та, камондан отиш –2 та, регби  – 3 та, спорт курашлари –  3 та, теннис   –18 та, трамполин –  2 та, футбол  –  3 та, байдарка ва каноэда эшкак эшиш  – 2 та, қиличбозлик  – 5 та, замонавий бешкураш  – 3 тани, оғир атлетика ва таэквондо WTда эса 1 тадан иборат бўлмоқда.

Кўриниб турибдики, 2024 йил давомида мамлакатимиз олимпия спорт турларининг 18 таси бўйича турли нуфузга эга мусобақаларга мезбонлик қилади.

Мазкур халқаро мусобақаларда яқин ва йироқ хорижий давлатларнинг терма жамоалари иштирок этишини назарда тутсак, йил давомида юртимизда спорт туризми ўзига хос ўсишга эришиши эҳтимолдан йироқмаслиги англашилади.

Хўш, ушбу ўтказиладиган 82 та халқаро спорт тадбирлари орасида жаҳон ва қитъа спорт жамоатчилиги, қолаверса мамлакатимиз спорт ихлосмандларининг эътибор марказида бўладиганлари қайсилари ҳисобланади?

Албатта, ҳар бир спорт турининг мундарижасидан келиб чиқадиган бўлсак, ҳаммаси ҳам ўз мухлисларига эгалиги табиий хол. Аммо улар орасида жорий йилнинг 1-10 феврал кунлари Тошкентда оғир атлетика бўйича Париж-2024 Олимпиадасининг рейтинг очколари ўйналадиган Осиё чемпионати, дзюдо бўйича март ойида бўладиган “Катта дубулға” турнири, апрель ойида 20 ёшгача бўлган аёллар ўртасида футбол бўйича Осиё кубоги, сентябрь-октябрь ойларида футзал бўйича Жаҳон чемпионати, таэквондо WT бўйича “G2” даражасидаги “Uzbekistan Open” халқаро турнири, волейбол бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Буюк Ипак йўли” халқаро турнири, трамполин бўйича май ойида Самарқанд ташкил этиладиган жаҳон кубоги мусобақалари дунё спорт жамоатчилигини юртимизга қаратадиган энг сара мусобақалар сирасига киради.

Бундан ташқари, миллий спортимиз кураш бўйича Бухорода ўтказилиши кутилаётган қитъа чемпионати қадриятларимиз тарғиботида муҳимлиги билан ажралиб турса, шахмат, профессионал бокс, белбоғли кураш, этно спорт турлари йўналишларидаги чемпионат ва рейтинг жанглари, қизиқарли беллашувлар Ўзбек спортининг янгиланаётган қиёфасини намойиш этиши билан аҳамият касб этиши шубҳасиз.

 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА.