Хитойнинг Урумчи шаҳрида Ўзбекистон-Хитой минтақалараро форумида иштирок этаётган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев раҳбарлигидаги делегация форум доирасида ушбу мамлакат компаниялари вакиллари билан ўзаро мулоқот олиб бориб, уларнинг ишлари билан яқиндан танишди.
Ўз навбатида, Қорақалпоғистонда тадбиркорларга яратилган шароитлар, инвестицион жозибадорликни орттириш, инвесторларга имтиёзлар бериш борасида Президентимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам кенг маълумот берилди.
Форум доирасида Шинжон-Уйғур автоном райони Аксу округи ва Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани ўртасида савдо-иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳалари бўйича икки томонлама ҳамкорлик қилиш, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган чораларни кенгайтириш, инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича музокаралар олиб борилди.
Қорақалпоғистон делегацияси форум доирасида “Xinjiang silk road golden camel” компанияси фаолияти билан яқиндан танишди. Компания раҳбарияти билан икки томонлама ҳамкорлик қилиш, истиқболли лойиҳалар устида иш олиб бориш, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот тумани ҳудудида дастлабки қиймати 108,9 миллион долларлик каустик сода ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири