Самарқанд шаҳар жамоат транспорти учун электробуслар ва қувватлаш қурилмалари харид қилинади

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида “Самарқанд шаҳар жамоат транспорти учун электробуслар харид қилиш ва улар билан бевосита боғлиқ инфратузилмани яратиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Маълумки, ушбу лойиҳа 3 йил муддатда (2023-2025 йиллар) амалга оширилиши белгиланган.
Лойиҳа ЕТТБ томонидан ажратиладиган қарз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Транспорт вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги ЕТТБ томонидан ажратиладиган қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳамда лойиҳанинг ўз муддатида ва сифатли амалга оширилиши учун масъул ижро этувчи органлар, «Samarqandyo’lovchitrans» ДК эса, лойиҳа бенефициари ҳисобланади.
Лойиҳа доирасида харид қилинадиган электробуслар ва қувватлаш қурилмалари хусусий секторга (ташувчиларга) энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан молиявий ижарага берилади;
харид қилинадиган электробуслар танлаб олинган мунтазам шаҳар автобус йўналишларига брутто-шартнома асосида, истисно тариқасида, тўғридан-тўғри 7 йил муддатга бириктирилади. Бунда, йўналишлар нархи белгиланган тартибда шакллантирилади;
молиявий ижарага бериладиган электробуслар ва қувватлаш қурилмалари реконструкция қилинадиган автобус саройида «Samarqandyo’lovchitrans» ДК ва ташувчилар ўртасида белгиланган тартибда шартнома асосида сақланади ва хизмат кўрсатилади;
ўзлаштирилган маблағлар ва эришилган натижалар юзасидан маълумотлар ўрнатилган тартибда Транспорт вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг расмий веб-сайтида мунтазам эълон қилиб борилади.
Электробуслар ва қувватлаш қурилмаларини молиявий ижарага бериш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ ташкил этилади. Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:
молиявий ижарага бериш бўйича танлов ўтказиш тартиб-таомилларини ва танлов иштирокчилари учун қўйиладиган минимал талабларни белгилаш;
молиявий ижарага бериш шартларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
танлов ўтказиш ва танлов иштирокчиларининг таклифларини баҳолаш ҳамда ғолибларни аниқлаш;
молиявий ижарага бериш бўйича намунавий шартномани ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
ташувчилар (танлов ғолиблари) томонидан «Samarqandyo’lovchitrans» ДК автобус саройидан фойдаланиш шартларини белгилаш.
Молиявий ижарага бериладиган электробуслар ва қувватлаш қурилмалари танлаб олинган мунтазам шаҳар автобус йўналишлари кесимида лотлар бўйича танлов савдоларига чиқарилади;
молиявий ижара шартномаси 10 йил муддатга тузилади ҳамда ижара тушумлари Самарқанд вилояти жамоат транспортини молиялаштириш бўйича махсус жамғармасига йўналтирилади;
ижарачи томонидан молиявий ижара шартномасида белгиланган мажбуриятлар тўлиқ бажарилган тақдирда, электробуслар ва қувватлаш қурилмалари ижарачининг мулкига ўтказилади;
Лойиҳа доирасида реконструкция қилинадиган автобус саройи ташувчиларга (танлов ғолибларига) ижара асосида хизмат кўрсатади ҳамда учинчи шахсларга сотилиши ва бегоналаштирилишига рухсат этилмайди.
Қарор билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокидаги «Самарқанд шаҳар жамоат транспорти учун электробуслар харид қилиш ва улар билан бевосита боғлиқ инфратузилмани яратиш» лойиҳаси техник-иқтисодий асосининг асосий кўрсаткичлари;
«Самарқанд шаҳар жамоат транспорти учун электробуслар харид қилиш ва улар билан бевосита боғлиқ инфратузилмани яратиш» лойиҳаси бўйича жалб қилинган ЕТТБнинг асосий қарзини қайтариш, унга ҳисобланган фоизлар, бир марталик бошланғич ва мажбурий тўловларни амалга оширишнинг прогноз жадвали;
Самарқанд шаҳар жамоат транспорти учун электробуслар ва қувватлаш қурилмаларини етказиб бериш графиги тасдиқланди.
ЎзА