Таълимдаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Хитой таълим форумида икки мамлакат томонидан 100 дан ортиқ олий таълим муассасаси раҳбарлари, илм-фан вакиллари, вазирлик ва идоралар масъуллари иштирок этди.
Хитой университетлари вакиллари билан ҳамкорлик доирасида академик мобиллик, талабалар алмашинуви, таълимда сунъий интеллектни жорий этиш, профессор-ўқитувчиларнинг малака ошириш ҳамда амалиёт ўташ масалалари муҳокама қилинди.

Форумда Тошкент давлат транспорт университети проректори А.Ғуломов ҳам иштирок этиб, баъзи бир таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувларга эришди. Жумладан, Тошкент давлат транспорт университети ва Тьянзин денгизчилик коллежи билан “Лу Бань устахонаси”нинг қурилиш ишларини янги босқичга чиқариш бўйича имзоланган меморандумга биноан, лабораториянинг қурилиш ишларини жорий йил якунига қадар якунлаш ҳамда керакли техник жиҳозлар билан таъминлаш режалаштирилди. Шу билан бирга, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш борасида лабораторияда олиб бориладиган ишлар бўйича Хитой тажрибасини қўллаш кўзда тутилган.

Хитойнинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири Тьянзин жаҳон тиллари университети билан Ҳамкорлик келишуви ҳам Тошкент давлат транспорт университети учун тажриба алмашишда қулай амалиёт бўлади.

Келишувда профессор-ўқитувчилар, илмий ва маъмурий ходимлар, турдош мутахассисликлар бўйича талабалар алмашинуви, илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик, ўқув ва илмий-тадқиқот, илмий конференция ва танловларни биргаликда ташкил этиш, турли ўқув ва илмий материаллар, илмий нашрлар ва академик маълумотлар алмашинуви каби ҳар икки томон учун ўзаро манфаатли ҳамкорлик назарда тутилган.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА мухбири