Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилади

Ўзбекистон Респликаси Президенти “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, рейтинг доирасида тадбиркорлик субъектлари қуйидаги тоифаларга ажратилади:
«AAA», «АА» ва «А» тоифалар – юқори барқарорлик рейтинги;
«ВВВ», «ВВ» ва «В» тоифалар – ўрта барқарорлик рейтинги;
«ССС», «СС» ва «С» тоифалар – қониқарли барқарорлик рейтинги;
«D» тоифа – қуйи барқарорлик рейтинги.
Рейтинг Солиқ қўмитасининг «Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги» электрон платформасида идоралараро ахборот алмашинуви воситасида автоматик тарзда (онлайн) шакллантирилади ва Савдо-саноат палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.
Юқори барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши таклифига асосан ҳар йили 20 август – Тадбиркорлар куни арафасида тақдирлаш учун давлат мукофотлари ҳамда «Фаол тадбиркор» кўкрак нишонига тавсия этилади.
Юқори барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлик субъектлари учун қуйидаги рағбатлантириш чоралари жорий этилади:
а) «ААА» тоифадаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди (жиноий ишлар доирасида ўтказиладиган текширувлар бундан мустасно), шунингдек, ушбу тоифадаги тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) бир кун муддатда текширувларсиз амалга оширилади;
б) 4 ва 5-тоифадаги туманларда фаолият юритаётган «АА» ва ундан юқори тоифадаги тадбиркорлик субъектларига бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўйича камида 15 фоиз миқдоридаги дастлабки тўлов бир йўла амалга оширилганда қолган суммага Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида йиллик фоизлар ҳисобланмайди ҳамда бўлиб-бўлиб тўлаш муддати 5 йилгача узайтирилади;
в) «А» ва ундан юқори тоифадаги тадбиркорлик субъектларига:
солиқлар бўйича (қўшилган қиймат солиғи бундан мустасно) мавжуд ортиқча тўлов суммасини қайтариш уч кун муддатда амалга оширилади;
товарларни импорт қилишда ва товарларни (хизматларни) реализация қилишда тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммаларини ўзаро ҳисобга олиш тартиби татбиқ этилади.
2024 йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига субсидия, имтиёз ва преференциялар уларнинг рейтинг даражасидан келиб чиққан ҳолда жорий этилади.
ЎзА