24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга давлат ташрифи доирасида Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши Бутунхитой қўмитаси Раиси Чжао Лэцзи билан учрашув ўтказди.

Суҳбатда Ўзбекистон-Хитой муносабатларида юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилиб, бу галги ташриф ҳар томонлама стратегик шерикликни кенгайтиришга янги кучли суръат бағишлашига ишонч билдирилди.

Кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки баробар, қўшма корхоналар сони уч баробар ошди.

Ҳудудлараро кооперация кенгайди, 22 январь куни Урумчи шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Ўзбекистон-Хитой ҳудудлар форумининг самарали натижалари бундан далолат бермоқда.

Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш борасидаги тажрибаси фаол жорий қилинмоқда.

Учрашувда мамлакатимиз техник йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш марказларини ташкил этиш, Хитойнинг ижтимоий ҳимоя ва суғурта, аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш борасидаги тажрибасини ўрганишдан манфаатдор экани таъкидланди.

Парламентлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш ва “Ўзбекистон-Хитой” дўстлик гуруҳларини фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Олий даражадаги келишувларнинг амалга оширилиши устидан таъсирчан парламент назоратини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўтган йили Ўзбекистонда Хитой маданияти кунлари ўтказилгани, айни пайтда Пекинда Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида ўтаётган тадбирлар мамнуният билан қайд этилди.