Жорий йилнинг 26 июль-11 август кунлари Франция пойтахтида ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII ёзги Паралимпия ўйинлари кейинги тўрт йилликнинг энг муҳим спорт тадбири ҳисобланади.
Унинг шукуҳи, кўлами, аҳамияти шу қадар кенгки, бугунги кунда мазкур комплекс мусобақаларда иштирок этиш, унинг бир қисми бўлишга эришиш борасида дунё мамлакатларининг спорт тузилмаларида ўзига хос саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон спорт жамоаларида, алоҳида спорт йўналишларида янгича қадамлар ташланаётгани эътиборли кечаётганини таъкидлаш лозим.
Тан олиш керак, ўтган Олимпия ўйинларида мамлакатимиз вакиллари асосан спорт беллашувларида, айрим ҳолатларда мусобақаларни бошқариб борадиган ҳакамлар таркибида юртимизнинг 1-2 нафаргина вакиллари иштирок этган бўлса, жорий йилги ўйинлар тизимининг антидопинг йўналишида юртимиз вакилининг назорат ишларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритгани алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимизда спортчиларни, спорт жамоаларини допингдан ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқаро ҳамкорлик алоқаларининг йўлга қўйилиши, пировардида 2018 йили алоҳида тузилма сифатида Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги ташкил этилиб, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA)нинг тўлақонли аъзолигига эришиши мамлакатимиз спорт ҳаётида янги йўналиш очилганидан далолат берди.
Ўтган йиллар давомида антидопинг йўналишида халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзбек мутахассисларининг жаҳон спорт майдонларидаги саъй-ҳаракатида самарадорликни таъминлаш борасида олиб борилган ишлар натижасида мутахассисларимиз WАDА нинг халқаро допинг офицерларни ўқитиш ва малакасини ошириш марказида таҳсил олиш асносида халқаро тоифадаги допинг офицерлари мақомини қўлга киритгани ўзига хос воқеа бўлди.
«Париж-2024» Олимпия ва паралимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси томонидан допинг назорати офицерларини саралаб олиш учун эълон қилинган танлов асосида 600 дан ортиқ номзод орасида ўзбекистонлик Азамжон Солиев ҳам «Париж-2024» Олимпия ўйинларида допинг назорати офицери сифатида иштирок этиш ҳуқуқига эга чиқди.
XXXIII ёзги Олимпия ва XVII ёзги Паралимпия ўйинларида допинг офицери бўлиб иш олиб бориш ҳуқуқига эга чиққан Азамжон Солиев билан ўтказган суҳбатимиз тўрт йиллик ўйинларнинг тафсилотлари, Олимпия ўйинларида қўлланиладиган терапевтик истиснолар хусусида кечди.
Ёш ва интилувчан мутахассиснинг япон ва инглиз тилларини ўрганиш жараёни, спортда тақиқланган модалардан ҳимояланиш омиллари, спорт тиббиёти, ёш болаларни спорт турларига йўналтиришда тиббиётнинг ўрни, мамлакатимизда антидопинг ишларининг ҳолати мулоқотнинг асосий мавзуси бўлди.
Суҳбатнинг тўлиқ тафсилотлари билан ЎзАнинг Youtube канали орқали танишишингиз мумкин.
Тўлқин Рўзиев, Аброр Содиқов (видео), ЎзА