Қатар мезбонлик қилаётган футбол бўйича Осиё кубогининг гуруҳ босқичида 3-тур учрашувлари давом этмоқда.

Мусобақанинг “С” гуруҳида Эрон ва БАА терма жамоалари ўртасидаги баҳс 2:1 ҳисобида якунланган бўлса, иккинчи учрашувда Фаластин нимчорак финал йўлланмаси учун Гонконг билан рақобатлашди ва 3:0 ҳисобида зафар қучди. Ушбу натижадан сўнг, гуруҳда Эрон 9 очко билан плей-оффга йўл олди. БАА ҳамда Фаластин 4 очко жамғариб, тўплар нисбатига кўра, иккинчи ва учинчи ўриндан жой олди. Гонконг терма жамоаси уч мағлубиятдан сўнг жадвалнинг 4 поғонасида қолди.

Мазкур гуруҳда БАА иккинчи ўрин билан, Фаластин эса энг яхши натижа қайд этган учинчи поғонадан жой олган жамоа сифатида 1/8 финалга чиқди.

Ҳозирда Қатар, Ўзбекистон, Австралия, БАА, Тожикистон, Сурия, Фаластин, Эрон, Ироқ, Саудия Арабистони терма жамоалари нимчорак финалга йўл олди. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, кубокда ҳали гуруҳ босқичининг 3-тур ўйинлари давом этмоқда. Айрим гуруҳларда қайси терма жамоалар ва қандай ўринда чиқиши аниқланмаган. Шунингдек, яна икки жамоа энг яхши натижа қайд этган учинчи ўрин эгаси сифатида плеф-оффга йўл олади.

Куни кеча “С” гуруҳидаги баҳслари якунидан сўнг Осиё кубогида нимчорак финалнинг дастлабки жуфтликлари аниқланди. Унга кўра, Тожикистон терма жамоаси БАА билан 28 январь куни ўйнайдиган бўлди. “B” гуруҳида учинчи ўрин билан чиққан Сурия эса 31 январь куни Эронга қарши майдонга тушади.

Бугун “D” гуруҳида Япония – Индонезия, Ироқ – Вьетнам терма жамоалари 3-тур учрашувларини ўтказади.  Бу ўйинлар Тошкент вақти билан 16:30 да бошланади.

Мазкур гуруҳда Ироқ икки турдаги ғалабадан сўнг 6 очко билан биринчи ўринда бормоқда. Япония ва Индонезияда бир хил 3 очко мавжуд бўлиб, тўплар нисбатига кўра, “самурайлар” иккинчи ўринда турибди. Вьетнам ҳали очко жамғара олмади.

Энди Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида икки оғиз. Куни кеча Осиё кубогининг 3-турида футболчиларимиз Авcтралия билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, плей-оффга йўл олгани ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон терма жамоасининг қайд этган натижаси ФИФА рейтингида 1362,80 очко билан 67-ўринга кўтарилиб олишига хизмат қилди.  Шунингдек, терма жамоамизнинг мағлубиятсиз серияси 10 тага етди. Сречко Катанец шогирдлари сўнгги марта АҚШга қарши учрашувда мағлубиятга учраган эди. Ўшандан бери термамиз 10 та беллашувнинг 6 тасида ғалаба қозонган ва қолган 4 баҳсда дуранг ўйнаган.

Кечаги учрашувда ҳамюртимиз Игорь Сергеев 63-дақиқада захирадан майдонга тушди ва 84-дақиқада жароҳат олиб майдонни тарк этди. Афсуски, Игорнинг тиззаси олд хочсимон мушаклари жиддий жароҳатланиб, яқин вақтда жарроҳлик столига ётади ҳамда камида 6 ой мобайнида майдонга туша олмайди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА