Хоккей бўйича Қозоғистон мунтазам чемпионати доирасида “Ҳумо” – “Сариарка” клублари сўнгги, бешинчи ўйинда ўзаро рақобатлашди.

Пойтахтимиздаги кўп тармоқли “Humo Arena” мажмуасида ўтказилган ушбу ўйинда “Ҳумо” клуби рақибларини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ўйиндаги икки голга Иван Фишенко муаллифлик қилди.

Маълумот учун, “Ҳумо” ва “Сариарка” ушбу мунтазам чемпионат доирасидаги 5 учрашувнинг тўрттасида ғалаба қозонди ва биттасида мағлуб бўлди. Шунингдек, бу жамоалар фаолияти давомида ўзаро жами 13 та ўйин ўтказган. Уларнинг 7 тасида пойтахтимиз клуби зафар қучган бўлса, қарағандаликлар олти марта ғалаба қозонган.

Мазкур ғалабадан сўнг “Ҳумо” жамоасининг Қозоғистон мунтазам чемпионатидаги очколари 70 тага етди ва жадвалнинг иккинчи поғонасида қолди.

Энди мунтазам чемпионатнинг навбатдаги турида “Ҳумо” клуби Тошкентда Қозоғистоннинг “Кулагер” жамоаси билан рақобатлашади. Мазкур баҳс 26 январь куни “Humo Arena” мажмуасида ўтказилади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА