Тошкент шаҳар ҳокимлигида Хитой Халқ Республикасининг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган ХIХ ёзги Осиё ва IV Параосиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар муносиб тақдирланди.
Хабарингиз бор, 2023 йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган ХIХ ёзги Осиё ўйинларида вакилларимиз 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза жами 71 та медаль, Параосиё ўйинларида эса 25 та олтин, 24 та кумуш, 30 та бронза, жами 79 та медални қўлга киритган эди.
Мазкур икки нуфузли мусобақада 115 нафар делегация аъзоси Тошкент шаҳри спортчилари ҳисобланади. Улар икки нуфузли мусобақада 12 та олтин, 4 та кумуш, 19 та бронза жами 35 та медалга сазовор бўлди.
Ушбу медалларни қўлга киритган спортчиларни тақдирлаш маросимида Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари С.Обидов ва Маҳалла уюшмаси раиси Ф.Маҳмудхўжаев иштирок этди. Унда Осиё ва Параосиё ўйинларида олтин медални қўлга киритган спортчилар 36 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланган бўлса, кумуш медаль совриндорлари 18 миллион сўмдан, бронза медали эгалари эса 9 миллион сўмдан пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА