Ўзбекистон-Хитой қишлоқ хўжалиги бизнес-форуми ташкил этилди
Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасида Ўзбекистон-Хитой қишлоқ хўжалиги бизнес-форуми ташкил этилди. Тадбирда 80 нафарга яқин тадбиркор иштирок этди.
Хитойлик тадбиркорлар Ўзбекистон иқтисодиётида амалга оширилаётган ислоҳотларни эътироф этди. Сармоя билан биргаликда энг сўнгги ишланма, илмий изланиш натижалари ҳам юртимизда истиқболли кечишини қайд этди.
Форум давомида икки давлат ўртасида сув тежовчи технологиялар, уруғчилик, чорвачилик, маҳсулотларни қайта ишлаш, ер ҳолатини тиклашга йўналтирилган ишланмалар, мевали кўчатлар етиштириш, иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш, ҳайвонларда учрайдиган касалликларга қарши вакциналар, қўзиқорин етиштириш, агрологистика марказларини ташкил этиш, инновацион лабораториялар фаолиятини йўлга қўйиш, боғ ва узумзорларни ақлли бошқариш тизимлари, полиз маҳсулотларининг ҳосилдорлигини ошириш, дон ва дуккакли маҳсулотларнинг янги авлодини етиштириш каби лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишилди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон-Хитой ўзаро товар айланмаси қарийб 40 фоизга, инвестицион лойиҳалар 5 баробарга ошган бўлса, икки давлат ўртасидаги қўшма ҳамкорлик корхоналари сони 3 баробарга кўпайган.
Форум доирасида 34 та ҳамкор ташкилот билан қишлоқ хўжалиги фанларини ривожлантиришга қаратилган учрашувлар бўлиб ўтди. Хитойнинг кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги, айниқса, озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишида қўлга киритган ютуқлари, ҳосилдорликни оширишга хизмат қиладиган янги технологияларини мамлакатимизда ҳам жорий этиш борасида келишувлар имзоланди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА