«Шарқ» нашриётига тегишли бинолар жойлашган 3 гектардан зиёд майдон хусусийлаштирилмоқда (+видео)

365

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 январдаги қарори билан Тошкент шаҳар Буюк Турон кўчаси 41-уйда жойлашган «Шарқ» нашриёт-матбаа корхонаси бинолари Моддий маданий меросининг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан чиқарилди.

Ушбу бинолар хусусийлаштириш мақсадида сотувга қўйилган.  Мазкур объект 1979-1983 йилларда қурилган жами 14 та бино, 2 та бино қисми ҳамда 5та иншоотдан иборат бўлиб, умумий майдони 60 736  метр-квадратни ташкил этади. Мазкур маълумот бугунги кунда ОАВда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Қарорда кўрсатиб ўтилган бандлар ва юзага келган вазият юзасидан тўлароқ маълумот бериш учун мутассаддилар журналистлар саволларига жавоб беришди.

– Бу бино ишлаб чиқариш учун мўлжалланган мажмуа маданий мерос аҳамияти йўқ, – дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов. – Шунинг учун ушбу умумий ҳудуд маданий мерос рўйхатидан чиқариб, хусусийлаштирилади. Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги биноси ҳаммамиз яхши биламиз Тошкентнинг, Ўзбекистоннинг аввалги модернизм биноларидан ҳисобланади. Бу талабни инобатга олган холда ушбу бинони бузмаслик, бу бинони тарихий қиёфасини сақлаб қолиш ва реконструкция қилинадиган бўлса, албатта Маданий мерос агентлиги билан келишилган холда амалга оширилиши талаби белгилаб қўйилган. Бу талаб нафақат бу бинога нисбатан қўйилади, балки Алишер Навоий театри томонидаги бино қисмига ҳам худди мана шундай талаб қўйилади.

Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Анвар Аҳмедов, Даврон Эрназаров (сурат + видео), ЎзА