Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида футбол бўйича Осиё кубоги баҳсларининг гуруҳ босқичи 3-тур учрашувлари ўтказилмоқда. Мусобақанинг “В” гуруҳида Ўзбекистон – Австралия ва Сурия – Ҳиндистон учрашувлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Австралия терма жамоалари баҳси 1:1 ҳисобида якунланди. Учрашувнинг биринчи бўлими 45-дақиқасида Бойл пенальтидан гол уриб, Австралияни олдинга олиб чиққан бўлса, иккинчи бўлимнинг 78-дақиқасида Жалолиддин Машариповнинг узатган тўпини Азиз Турғунбоев боши билан рақиб дарвозасига жойлаб қўйди. Шу тариқа ўйинда бошқа гол урилмади.

Сурия ҳамда Ҳиндистон учрашувида 1:0 ҳисоби қайд этилди.

“В” гуруҳида Австралия 7 очко билан гуруҳ пешқадами сифатида нимчорак финалга йўл олган бўлса, Ўзбекистон терма жамоаси 5 очко билан иккинчи ўринни эгаллади. Сурия термаси 4 очко жамғарган ҳолда учинчи поғонадан жой олди. Ҳиндистон эса уч мағлубиятдан сўнг 0 очко билан тўртинчи ўриндан жой олди.

Энди футболчиларимиз 30 январь куни “F” гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган терма жамоа билан чорак финал йўлланмаси учун куч синашади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА