Мудофаа вазирлигининг Нукус гарнизонида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга киришга ёрдам берадиган ҳарбий қисм қўмондонлигининг имтиёзли тавсияномаларига эга бўлиш учун тест синовларини топширишни бошлади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардиянинг 2019 йил 30 декабрдаги “Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қўшма қарори билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижаларга эришган, зарурий билим эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган энг муносиб ҳарбий хизматчиларга ҳарбий қисм қўмондонлигининг имтиёзли тавсияномаси берилиши белгиланган.

Мазкур қўшма қарорга мувофиқ, ўз ҳарбий бурчини виждонан адо этган ва ҳарбий қисм командирининг имтиёзли тавсияномасига эга бўлган йигитлар республиканинг олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз, шунингдек, олий таълим муассасалари (олий ҳарбий таълим муассасалари бундан мустасно) бакалавриатига ўқишга кириш учун олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари ажратиладиган алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида ўтказилаётган синовлар энг сара аскарларни аниқлаш ва уларга қўшимча имтиёз шаклида тавсияномаларни бериш учун саралашнинг якуни ҳисобланади. Чунки ҳарбий хизмат мобайнида ҳар бир аскар жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликдан олган баҳолари, хизматда эришган ютуқлари ҳамда намунали хулқи ва вазифаларни виждонан бажараётганлиги назорат қилинади.

Тест синовлари ўзида жами 100 та саволни мужассам этиб, шундан 40 таси жанговар тайёргарлик, 20 таси маънавий-маърифий, 10 таси математика, 10 таси физика ҳамда 20 таси мантиқий саволлардан иборат. Тўғри жавоблар учун жанговар тайёргарлик бўйича 1,2 балл, маънавий-маърифий тайёргарлик учун 1,1 балл ҳамда қолган йўналишлар бўйича 1 баллдан баҳолаб борилади. Тест синовларини ўтказиш учун умумий 3 соат вақт ажратилган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга ҳарбий қисмлар қўмондонлиги томонидан олий таълим муассасаларига кириш учун берилган тавсияномалар улар берилган санадан бошлаб уч йил мобайнида амал қилади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА мухбирлари