Таълим мақсадлари учун интернетдан фойдалана олувчи мактаблар улуши 86,3 фоиздан 94,6 фоизга кўпайди

БМТ нинг Барқарор ривожланиш мақсадлари рейтингига кўра, Ўзбекистон 2023 йилда 166 та мамлакат орасида 69 ўринни эгаллади. Буни 2022 йил билан таққослаганда, 8 поғона юқоридир.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти катта илмий ходими Абдуллатиф Анвархоновнинг қайд этишича, Ўзбекистонда 2017-2022 йилларда БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг 10 таси бўйича кўрсаткичлар яхшиланган.
–Улардан бири – 4 мақсад, яъни “Сифатли таълим билан таъминлаш” мақсади бўлиб, у ўз ичига 9 та вазифа ҳамда 6 та кўрсаткични қамраб олади, –деди А. Анвархонов. – Мамлакатимизда 4-мақсад кўрсаткичлар бўйича ижобий ўзгаришлар қайд этилди. Масалан, уй хўжаликларини ўрганиш бўйича халқаро дастур – Мультииндикатор кластер кузатувлари доирасида олиб борилган тадқиқотлар соғлиғи, таълим олиши ва психологик ижтимоий фаровонлиги нуқтаи назаридан яхши ривожланаётган 3-5 ёш оралиғидаги болалар улуши 82,6 фоизни ташкил этишини кўрсатди. Бу кўрсаткич БМТ га аъзо мамлакатлар бўйича ўртача кўрсаткичга мос келади. 2018-2022 йилларда болаларнинг бошланғич таълимга бир йиллик тайёрлов жараёнида иштирок этиши 2 баробар яхшиланди.
2018-2022 йилларда таълим жараёнида зарур воситалар билан таъминланган мактаблар улуши ҳам ортди. Масалан, таълим мақсадлари учун интернетдан фойдалана олувчи мактаблар улуши 86,3 фоиздан 94,6 фоизга, компьютерлар билан таъминланган мактаблар улуши 87,3 фоиздан 97,7 фоизга, жисмоний имкониятлари чекланган ўқувчилар учун мослаштирилган инфратузилма ва материалларга эга мактаблар улуши 26,5 фоиздан 49,8 фоизга кўпайди. Мактабгача таълим муассасаларида таълим даражаси бўйича энг кам талаб қилинадиган малакага эга ўқитувчилар улуши 95,6 фоиздан 96,1 фоизга етди.
Таъкидлаш керакки, 4-мақсаднинг бажарилиши “Ўзбекистон-2030” стратегияси мақсадлари билан узвий равишда боғлиқ бўлиб, унда мамлакатда таълим сифатини ошириш бўйича қатор вазифалар белгиланган. Унга кўра, давлат мактабгача таълим ташкилотларини 100 фоиз компьютер синфи билан таъминлаш орқали тарбияланувчиларда бошланғич компьютер саводхонлиги кўникмаларини шакллантириш, янги авлод дарсликлари асосида планшетлар учун 1000 та мультимедиа дастурини яратиш, барча умумий ўрта таълим муассасаларида касб-ҳунарга ўргатиш курсларини жорий этиш, нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари сонини 1000 тага етказиш, 14 та ҳудудий профессионал тайёргарлик марказини ташкил этиш, малака тоифасига эга бўлган педагог кадрлар улушини 50 фоизга, масофавий ёки аралаш шаклларда ташкил этиладиган малака ошириш курслари улушини 30 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА