“Яшил ҳафталик — 2024”: Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ривожи учун қандай келишувларга эришилди?

Айни кунларда Германиянинг Берлин шаҳрида бўлиб ўтаётган “Яшил ҳафталик — 2024” халқаро кўргазмада Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация вакиллари ҳам иштирок этмоқда. Дунёнинг 70 га яқин давлатидан делегация ва компаниялар, 10 дан ошиқ нуфузли халқаро ташкилот вакиллари қатнашаётган ҳафталик давомида қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик ва халқаро озиқ-овқат кўргазмалари намойиш этилди.
Кўргазмада “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” миллий стенди ташкиллаштирилиб (163 кв.м.), янги ва қуритилган мева-сабзавот маҳсулотлари, шарбатлар, жемлар, ёғ маҳсулотлари, салқин ичимликлар, қандолат маҳсулотлари ва бошқа 192 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва Венгрия қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жолт Фельдман ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда чорвачилик йўналишида ҳамкорлик алоқалари, картошкачилик, хусусан картошкани Ўзбекистон иқлим шароитига мос навларини етиштириш бўйича музокаралар олиб борилди. Мулоқот якунида икки томон вакиллари ўзаро ҳамкорликнинг истиқболлари ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан фикрлар алмашди. Шунингдек, кўргазма доирасида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Германиянинг Федерал озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари ўртасида ҳам учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат жараёнида Ўзбекистон ҳамда Германия ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, қишлоқ хўжалигида илм-фан истиқболлари, икки томонлама ҳамкорликнинг “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда бу борада ишчи гуруҳ тузиш масалалари учрашувнинг асосий муҳокама мавзусига айланди.


“Яшил ҳафталик — 2024” халқаро кўргазмада Халқаро озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги форуми доирасида Очиқ пленар сессияси бўлиб ўтди. Даставвал, сессияда Германия Федерал озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазири Жем Ўздемир кўргазмага ташриф буюрган барча иштирокчиларга миннатдорчилик билдирди. Бу каби кўргазмалар қишлоқ хўжалигида дунё давлатлари ҳамкорлигини мустаҳкамлашда энг муҳим қадам эканлигини таъкидлади. Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов сўзга чиқиб, бу каби форумлар қишлоқ хўжалигида муҳим пойдевор вазифасини бажаришини, ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш учун майдон вазифасини ўтаб беришини айтиб ўтди. Шунингдек, у қишлоқ хўжалигида фермерларнинг ролини ошириш ва илм-фанни ўрганиш кўплаб муаммоларга ечим бўла олишини алоҳида таъкидлаб ўтди.


Ҳафталик давомида Полша, Чехия, Латвия, Тожикистон Голландия қишлоқ хўжалиги вазирлари, Венгриянинг вазир ўринбосарлари ва Германиянинг Қишлоқ хўжалиги жамияти билан бир қанча келишувларга эришилди. Хусусан, Тожикистон Қишлоқ хўжалиги вазири Қурбон Ҳакимзода билан Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва републикада мавжуд агрологистика марказларини яратиш бўйича тажриба алмашиш ҳамда икки мамлакат ўртасида экспорт салоҳиятини оширишда хусусий секторни жалб қилиш имкониятлари муҳокама қилинди. Ўз ўрнида, Тожикистон томонидан 10 минг гектар майдонда ўзбек селекциясига мансуб уруғлик шоли (“Искандар” ва “Лазурний” навлари) ва сабзавот уруғларини (пиёз ва сабзи) Тожикистонга етказиб бериш ҳамда Хўжанд вилоятида пахта ва шолини ишлаб чиқаришга ихтисослашган агрокластерни яратиш бўйича таклифлар билдирилди.

Ҳозирда амалга оширилаётган лойиҳаларни (20 гектар майдонда “Дўстлик боғи”ни барпо қилиш, ўзбек селекцияга мансуб заъфаронни Тожикистонда ҳамкорликда етиштириш ва учинчи давлатларга экспорт қилиш) ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари айланмасини 1 миллиард долларга етказиш борасида келишиб олинди.
Латвия қишлоқ хўжалиги вазири Армандс Краузе билан келишувга кўра, келгусида қишлоқ хўжалигидаги илм-фан соҳасида ҳамкорлик ривожлантирилади. Ўзбекистон ва Латвия ўртасида тажриба алмашиш дастурлари ишлаб чиқилади, органик деҳқончиликни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади. Икки томонлама экспортга кенг йўл очилиши учун кўргазмалар ўтказилади.

Польша қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ тарақиёти вазири билан Ўзбекистон ва Польша ўртасида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш соҳасида “Ишчи гуруҳ”ни тасдиқлаш, мазкур ишчи гуруҳ томонидан селекция, уруғчилик, рақамлаштириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги кластерлари кооперацияси, чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги олий ўқув юртларида талабалар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича келишилди.
Чехия ва Ўзбекистон ўртасида ветеринария соҳаси ривожлантирилади. Ҳайвон касалликларини текшириш услублари ва мобил ветеринария клиникаларини яратиш соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилади ҳамда мазкур йўналишда “Ишчи гуруҳ” фаолияти йўлга қўйилади. Мулоқот давомида Чехия қишлоқ хўжалиги вазири Марек Виборни жорий йил 22-27 август кунлари Чехияда бўлиб ўтадиган Қишлоқ хўжалиги ярмаркасида Ўзбекистон миллий стендини ҳам иштирок этишга чорлади.

Венгриянинг “Marthon Genetics” компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон тупроқ-иқлим шароитида қовоқнинг юқори ҳосилдор навларини яратишда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилди.
Германия қишлоқ хўжалиги жамияти “DLG” компанияси президенти Хубертус Петоу билан ташкил этилган суҳбат давомида Ўзбекистон фермерлари ва агрономларини Германияда ўқитиш бўйича доимий ўқув курсларини ташкил қилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма тадбирларни ўтказиш муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматининг маълумотига кўра, кўргазма доирасида учрашувлар, келишувлар, инвестицион ва ҳамкорлик шартномалари имзоланиши кутилмоқда. Кўргазма давом этмоқда.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди, ЎзА