“Тожикистоннинг алюминли маҳсулотларидан фойдаланиш ва мамлакатда мавжуд литий захираси электромобиллар ишлаб чиқариш учун яхши шароит яратади. Яъни, мамлакатимиз бундай автомобиллар учун икки турдаги хом-ашёга эга”.

Бу ҳақда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Қатар давлати тадбиркорлари ва компаниялари бизнес доираси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда айтиб ўтди, деб ёзмоқда «Ҳовар» ахборот агентлиги.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ишлаб чиқариш саноати ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши бўлиши мумкин.

«Тожикистон Республикасини 2030 йилгача ривожлантириш миллий стратегияси”нинг асосий мақсадларидан бири мамлакатни саноатлаштиришдир. Ушбу жиҳат тоғ-кон саноатини ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратади», дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, Тожикистонда 800 та фойдали қазилмалар кони аниқланган ва қисман ўзлаштиришга тайёрлаб қўйилган. Улар ноёб ва қимматбаҳо металлар, жумладан, мис, кумуш, олтин, қўрғошин, литий, сурма, никель, вольфрам, ванадий ва бошқа камёб маъданлардир.