Германиянинг “Mercedes-Benz” автомобиль ишлаб чиқарувчиси мамлакатдаги барча автосалонларини сотишни режалаштирмоқда. Шу мақсадда концерн эҳтимолий янги операторлар билан музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда, дея хабар бермоқда “Bıld” нашри.
Ушбу қарор тахминан 80 та салонга тегишлилиги айтилмоқда. Ҳатто компаниянинг Штутгартдаги филиали ҳам сотувга қўйилган. Сотувга қўйилган компанияларда эса 8 минг нафар ходим ишлайди.
“Ҳеч қандай ишдан бўшатишлар бўлмайди, биз Германияда иш ўринларини сақлаб қолиш тарафдоримиз. Қолаверса, биз “Mercedes-Benz” ни Германияда муваффақиятли сотишнинг рақобатбардошлиги ва узлуксизлигини таъминламоқчимиз”, деган компания вакили.
“Яхши сўзлар, лекин амалда бундай вазиятларда ходимлар жабр кўради, баъзилари ишдан бўшатилади, бошқаларининг эса маошлари камайтирилиши мумкин”, дейишмоқда жараённи кузатаётган экспертлар.
Компания ўзининг салонларини 2021 йилдан бери сотишни режалаштиради. Масалан, Англия, Испания ва Бельгиядаги салонлар аллақачон сотилган.
Баъзи бир тадқиқотчилар Хитой автомобиль саноатининг жадал ривожланиши туфайли 10 йилдан сўнг “Mercedes-Benz” ва “BMW” каби йирик автомобиль компаниялари тарихга айланиши мумкинлигини айтишмоқда. Улар сўзларининг тасдиғи сифатида, “Volvo” компанияси тақдирини мисол қилишмоқда. Чунки “Volvo” шу тариқа Хитойга сотилган ва Европа бренди деган номдан мосуво бўлган эди.