Шу кунларда Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасидаги сафари давом этмоқда.

Ташриф давомида делегация аъзолари шаҳарлар маъмурияти делегация иштирокчиларининг маданий объектларни бошқариш, шаҳар режалаштирилиши ва қурилиши борасидаги тажрибаси билан танишмоқда.

Хусусан, Шавкат Умурзоқов Хитойнинг Аньхой провинцияси губернатори билан учрашди.

Аньхой провинцияси халқ ҳукумати губернатори Ван Цинсян делегация аъзоларини самимий кутиб олди. Провинциянинг умумий кўрсаткичлари ҳақида қисқача тўхталар экан, Тошкент шаҳрининг барча ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини ва бунга қизиқишини билдирди.

Учрашувда айни пайтда Ўзбекистонда, хусусан, Тошкент шаҳрида Хитойнинг кўплаб корхоналари фаолият юритаётгани, улар ўз навбатида ҳар икки давлатнинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшаётгани, улар учун энг қулай шарт-шароитлар яратилгани, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун билан кафолатлангани маълум қилинди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, Ш.Умурзоқов Тошкент шаҳрида яқин йилларда амалга оширилиши режалаштирилган бир қатор йирик лойиҳалар билан таништириб, вилоят ишбилармон доиралари вакилларини ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликка таклиф қилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА