Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Қуролни ва унинг ўқ-дориларини ўз ихтиёри билан топширганлик учун қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 220/1-моддасига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

– Республика ҳудудида қурол муомаласининг ҳуқуқий асосларини белгилаш ҳамда республикада қуролнинг ноқонуний муомаласининг олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, “Қурол тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди, – деди ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев. – Шунингдек, Жиноят кодексининг 248-моддасида ҳам ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, кўрсатиб ўтилган буюмларни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилиниши назарда тутилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 220/1-моддасида эса пневматик, сигнал берувчи, улоқтириш, ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини рухсатномалар ва лицензияларсиз, қонунга хилоф муомаласига доир ҳаракатларни бажариш ва фаолиятни амалга ошириш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Лекин мазкур буюмларни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилиниши назарда тутилмаганлиги ноқонуний эгаликдаги қуролнинг ихтиёрий равишда топширилишига доир ишларни амалга оширишда салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, “Қурол тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасида қуролни, шу жумладан юқорида кўрсатилган ўқотар бўлмаган қуролни ўз ихтиёри билан топширганлик учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдирлаш чоралари белгиланиши мумкинлиги баён этилган.

Қуролнинг туридан қатъи назар, унинг ноқонуний муомаласига қарши курашишга ва ихтиёрий равишда топширишга доир қонунчиликнинг самарадорлигига салбий таъсир этувчи омилларни бартараф этиш зарурияти туғилмоқда. Шундан келиб чиқиб, ушбу қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 220/1-моддасини пневматик, сигнал берувчи, улоқтириш, ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ўз ихтиёри билан топширган шахслар жавобгарликдан озод қилинишига оид инсонпарвар норма билан тўлдирилиши назарда тутиляпти. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ўқотар бўлмаган қурол турларининг ноқонуний муомаласининг олдини олишга қаратилган тадбирларни жадаллаштиришга ҳамда улар билан боғлиқ бўлган жиноят ва ҳодисаларнинг барвақт олдини олишга хизмат қилади.

Муҳокамалар давомида депутатлар айрим таклиф ва мулоҳазаларни билдирди. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

 Муҳтарама Комилова, ЎзА