Хитойнинг Урумчи шаҳрида Ўзбекистон – Хитой минтақалараро форуми ўз ишини давом эттирмоқда. Унда Сирдарё вилоятидан ташриф буюрган расмийлар ва 60 дан зиёд ишбилармонлар иштирок этмоқда.

Сирдарё вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев форум доирасида ташкил этилган “Ишбилармонлар ҳамкорлигини кенгайтириш ва умумий фаровонликни амалга ошириш” мавзусидаги конференцияда нутқ сўзлади. Унда Хитой билан ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва Сирдарёга инвестиция киритиш истиқболлари ҳақида тўхталди.

–Ўтган 2023 йил Хитой провинциялари ва Сирдарё вилояти ўртасидаги муносабатлар ривожланишидаги туртки берувчи давр бўлди. Биргаликда умумий қиймати 2,1 миллиард доллар бўлган 64 та янги лойиҳа ишлаб чиқилди ва 415 миллион долларлик 6 та лойиҳа ишга туширилди. Ишонаманки, бу рақам яқин келажакда ўсади, – деб таъкидлади вилоят ҳокими.

Шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан вилоятдаги инвестицион ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича дадил қадамлар ташлангани айтилди. Конференция “B2B” ва “G2B” форматидаги учрашувлар билан давом этди. Музокаралар якунида умумий қиймати 1,5 миллиард долларлик 21 та келишувга эришилди.

Жумладан, “Xinjiang Xuri new Energy technology” компанияси билан қиймати 360 миллион долларлик қуёш панеллари ва қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш лойиҳаси, “Tianjin Xinhang Power Technology” компанияси билан қиймати 100 миллион долларлик инновацион энергия базасини барпо қилиш лойиҳаси, “Savvy Industries Company limited” компанияси билан Ширин шаҳрида қиймати 22 миллион долларлик қуёш батареяси ишлаб чиқариш лойиҳаси, “Bachjou Xaotyan” компанияси билан қиймати 3 миллион долларлик томчилатиб суғориш тизими учун ленталар ишлаб чиқариш лойиҳаси шулар жумласидан.

Форум доирасида яна бир муҳим воқеа, яъни, “Made in Uzbekistan” Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмасининг очилиши ҳам бўлиб ўтди. Унда Республикамиз ҳудудлари, хусусан Сирдарёда ишлаб чиқарилаётган электротехника, фармацевтика, тўқимачилик ва ипакчилик саноати, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, маиший кимё маҳсулотлари, ҳунармандчилик, қурилиш материаллари, мебель ва аксессуарлар намойиши ҳамда ҳамкорликда амалга оширишга тайёр бўлган истиқболли инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири.