Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида Республика терминология маркази ташкил қилинди. Марказнинг асосий штатида 3 та ходим, жамоатчилик кенгашдаги 8та бўлимда 20 нафар мутахассис фаолият юритади.

Марказни ташкил қилишда «Давлат тили тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни талабларини раҳбарликка олиб, миллий терминология соҳасидаги ишларни янада ривожлантириш, тартибга солиш ва унификациялаш назарда тутилган.

Қарорда бугунги глобаллашув шароитида жаҳонда юз бераётган илмий-техникавий янгиликлар, халқлар ўртасидаги алоқаларнинг кучайиши натижасида қорақалпоқ тилига бошқа сўзлар кириб келаётгани, шу боис, қорақалпоқ тилининг ижтимоий-сиёсий, илмий-техникавий, касбий, ер-сув атамаларини тартибга солиш, корхона, ташкилотлар, маиший хизмат кўрсатиш жойлари, кўча ва хиёбонлар, фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги атамаларни, шунингдек, ҳар бир касибга оид атамаларни шакллантиришга зарурот туғилаётгани эътироф қилинган.

Марказнинг асосий мақсади ва вазифалари сифатида терминларни аниқлаш ва тартибга солиш, илмий асосланган терминларни қараб чиқиш ва тасдиқлаш, терминологик луғатлар тайёрлаш, замонавий ахборот технологияларини амалиётга жорий этиш, қорақалпоқ тилида компьютер дастурларини тайёрлаш каби масалалар белгиланган.

Бундан буён қорақалпоқ тили қоидаларини қўпол тарзда бузган ташкилотларнинг мутасадди ходимларига терминология маркази чора қўллаш бўйича таклиф бера олади.

 

Есимқан Қанаатов, ЎзА