Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳаси билан “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунга давлат ёрдамини беришни назарда тутувчи лойиҳалар Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан мажбурий тартибда келишиб олинишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Шунингдек, асосий фаолияти табиий монополия бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар табиий монополиялар соҳасида фаолият олиб борганда, улар табиий монополия субъектлари ҳисобланмаслиги, бунда ушбу хўжалик юритувчи субъектлар томонидан нархлар (тарифлар) асоссиз оширилиши ёки нотўғри қўлланилиши, тадбиркорлар ва истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларининг камситилиши каби ҳолатларда уларга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари қўлланилиши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, иқтисодий таъсири паст ҳолатлар бўйича биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъектларига жавобгарлик чораларини қўлламаган ҳолда, профилактик тушунтириш тадбирларини амалга ошириш белгиланмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан рақобат соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мувофиқлаштирилади, бу эса товар ва молия бозорида соғлом рақобат муҳити таъминланишига хизмат қилади.

Муҳокамаларда депутатлар айрим нормалар юзасидан саволларни ўртага ташлади. Хусусан, профилактик тушунтириш тадбирлари айнан нима эканлигини қонунда аниқ акс эттириш, қонун жуда муҳим экани, уни янада такомиллаштириш зарурлиги айтилди.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

 

М.Комилова,  

ЎзА