Туркия гўё Эроннинг ёмғирли булутларини ўғирлагани ҳақидаги гап-сўзлар у ёки бу мамлакатда қурғоқчиликка сабаб дейилиши исботланмаган назариядан бошқа нарса эмас, дея фикр билдирди Истанбулдаги Ойдин университети профессори, иқлимшунос Гювен Оздемир “РИА Новости”даги ўз чиқишида.
Аввалроқ “Forbes” журнали Эрон ҳукумати мамлакат шимолида ёмғирли булутлар ғойиб бўлгани сабабларини ўрганиш бўйича комиссия ташкил қилгани ҳақида хабар берган эди. Хабарда булутларни гўё Туркия “ўғирлаётгани” ҳақидаги назария борлиги айтилади. Ушбу назариянинг ростлигига далил сифатида Туркия шарқида тоғлар қор билан қоплангани, мунтазам ёмғир ёғиши, қўшни Эронда эса бир томчи ҳам ёғингарчилик бўлмагани тасвирланган фотосурат тақдим этилган.
Нашрнинг таъкидлашича, бундай айбловлар аввал ҳам бўлган. Масалан, 2018 йилда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси вакили Исроил ва БАА Эроннинг иқлимига таъсир қилишга уринмоқда, деб иддао қилган эди.
“Ёмғирли булутларни ўғирлаш ғоясини қўллаб қувватлаш ёки бу ҳақда ҳатто ўйлаш ҳеч қандай асосга эга бўлмаган ва исботланмаган назариядан бошқа нарса эмас”, – дея изоҳлаган профессор Оздемир ўзининг мақоласида.
Унинг эслатишича, Масалан 2023 йилда Туркия бир неча ой қуёш оташи ва қурғоқчилик ҳукмида қолди, қолаверса, Истанбулда ёмғир бўлмагани учун ичимлик суви захираси энг паст даражага тушиб қолди. “Худди шу вақтда бизнинг ғарб томонимизда – Греция, Болгария, Руминия ва бошқа қўшни мамлакатларда кетма-кет жала қуйди, бироқ бизгача етиб келмади. Туркиянинг яқин ва узоқ муддатли режасига кўра, мамлакатда метеорология бўйича экстремаль кўрсаткичлар ортиши мумкин”, – дея таъкидлаган олим.
Оздемирнинг эслатишича, глобал иқлим исиши оқибатлари ва ўртача ҳароратнинг 1,3 даражага кўтарилиши қазиб олинадиган ёқилғилардан фойдаланиш ва бошқа сабаблар натижасидир. Олимнинг фикрича, глобал исишни тўхтатиш учун бундай турдаги ёқилғилардан воз кечиш ва тезроқ яшил энергияга ўтиш керак.
“Агар кимдир ҳаво “қароқчилиги” билан шуғулланаётган бўлса, улар шубҳасиз, қазиб олинган ёқилғилардан чек-чегарасиз фойдаланаётган қудратли давлатлардир. Яшил энергетикага ўтиш ва шаҳарларда яшил ҳудудларни кенгайтириш зарур”, – деган туркиялик мутахассис.