Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Маданият саройида олий таълим муассасалари талаба-ёшлар ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови ўтказилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, “Қувноқлар ва зукколар” ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ўтказилган танлов ёшларнинг ижтимоий-маънавий билимини янада ривожлантириш, қобилиятли ёшларни аниқлаш, уларнинг жамиятимиздаги ижтимоий фаоллигини ошириш, ёшларни миллий урф-одатларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.
Танловда “Бу қандай имконият!” номли таништирув ва “Биатлон” шартлари бўйича саҳна кўринишлари намойиш этилди. Томошабинларда катта қизиқиш уйғотган танлов якунида Қорақалпоқ давлат университетининг “Жайхун” жамоаси биринчи, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалининг “Пегас шоу” жамоаси иккинчи, Нукус кончилик институтининг “Олмос” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиблар ташкилотчилар томонидан кубок ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА