Ўзбекистон Экологик партияси ўз дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, она табиатни муҳофаза қилиш, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, шунингдек, Оролбўйи ҳудудининг экологик ҳолатини, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш борасидаги сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиб келмоқда.
–Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2 нафар, Жўқорғи Кенгесда 12 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларида 40 нафар депутатимиз фаолият кўрсатмоқда, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Айсанем Бегимова. – Ўтган давр мобайнида партиямиз ғоявий ва ташкилий жиҳатдан мустаҳкамланди. 2023 йили 5 минг 547 фуқаро партия сафига қабул қилиниб, ҳозирги кунда аъзолар сони 47 минг 386 нафарга етди. Шунингдек, ўтган йили 65 та янгидан бошланғич партия ташкилоти тузилиб, ҳозирда 393 таси фаолият олиб бормоқда.
Партиянинг дастурий мақсадлари ва вазифаларини тарғиб қилиш, узлуксиз экологик таълим ҳамда тарбия тизимини такомиллаштириш, аҳолининг экологик маданият даражасини юксалтириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга, ёшларни табиат ва унинг ресурсларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашга қаратилган мунтазам тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди.
“Яшил макон” лойиҳаси ижроси доирасида ўтказилган тадбирларда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган юртдошларимиз ўз ҳиссасини қўшиб келаётгани, партия фаоллари сафида ҳаракат қилганликларини қайд этиш мумкин.
Бугунги куннинг долзарб муаммоси сув исрофининг олдини олиш мақсадида тарбиявий аҳамиятга эга видеороликлар, “Партиянинг беш йиллиги муносабати билан ҳар биримиз беш тупдан кўчат экайлик” шиори остида челленджлар, “Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остидаги экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш акциялари, аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг экологик маданияти ҳамда билимини мустаҳкамлаш, табиий ресурслар, флора ва фауна дунёсига эҳтиёткор муносабатда бўлиш масалаларига бағишланган видеороликлар танлови ўтказилди.
Шунингдек, “Аёллар қаноти”, “Ёшлар қаноти”, Ёшлар парламенти аъзолари иштирокида “Меҳр ҳаракати”, “Биз хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларнинг барча турларига қаршимиз”, “Аёллар – атроф-муҳит муҳофазачилари” , “Хотин-қизлар ҳуқуқи кафолатланади” мавзуларида давра суҳбатлари, “Яшил қўллар”, “Парламентнинг ва ёшларнинг Оролга нигоҳи” экологик акцияси, “Табиат учун ғамхўрмиз!”, “Конституция ёшлар нигоҳида” мавзуларида тарғибот тадбирлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Ўтган йил мобайнида экологик соғлом муҳитни яратиш йўлида қилинган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Жумладан, юртимизнинг бетакрор табиатини турли хавф-хатарлардан асраш мақсадида бирлашаётган хайрихоҳ аъзолар сони кун сайин ортиб бормоқда. Бу эса, Ўзбекистон Экологик партияси ўзининг дастурий мақсадлари сари дадил қадам ташлаётганидан далолат беради.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.