Бизнес-омбудсман – тадбиркорларнинг ишончли вакили

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ривожланиши учун қулай имкониятлар яратиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Биргина ўтган йилнинг ўзида Бизнес-омбудсманга тадбиркорлардан жами 18 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда АОКАда Бизнес-омбудсман томонидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, келиб тушган мурожаатлар ҳамда олиб борилган ўрганишлар асосида тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 3 минг 387 та таъсир чораси қўлланилган. Натижада, судлар томонидан 21,4 миллиард сўмлик даъво тадбиркорлар фойдасига ҳал этилган ва 79,6 миллиард сўмлик ҳисобланган қарздорлик бекор қилинган (ҳисобдан чиқарилган), 16 та қарор ҳақиқий эмас деб топилган.

Шунингдек, киритилган тақдимномалар асосида 140 нафар масъул шахс интизомий жавобгарликка тортилган.
Маълумотларга кўра, ўтган 2023 йилда тадбиркорлик фаолиятига оид қонунчилик ижроси бўйича 8 та назорат органида ўрганиш ўтказилган. Ўрганишда 7 минг 328 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланиб, 9 та тақдимнома, 1 минг 140 нафар мансабдорга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган, 68 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, ўрганиш давомида кўрсатилган давлат хизматлари бўйича ташкилотларнинг тадбиркорлик субъектлари олдидаги 3,6 миллиард сўмлик кредитор қарздорлиги қопланиши таъминланди.
2023 йилда 27 та назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлар фаолиятида жами 124 минг 123 та текширув ўтказилган бўлиб, шундан 2 минг 399 таси (2 фоизи) келишилган ҳолда, қолган 121 минг 724 таси хабардор этилган ҳолда ўтказилган.

Назорат қилувчи органлар томонидан текширувларни келишиш учун киритилган жами 4 минг 703 та буюртмадан 2 минг 399 таси келишилган ва қолган 2 минг 304 таси текширув ўтказиш учун қонуний асослар мавжуд бўлмагани сабабли рад этилган. Тадбиркорлар фаолиятида 2023 йилда амалга оширилган текширувлар сони 2022 йил шу даврига нисбатан 42 минг 914 тага камайгани кузатилди. Текширувлардаги қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 1 минг 303 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган, 70 нафар ходимга интизомий жазо қўлланилган.

Тадбиркорлар фаолиятида олиб борилган таҳлиллар, мурожаатларда билдирилган таклифлар асосида Бизнес-омбудсман девони томонидан 5 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси, шу жумладан 2 та қонун, 2 та Президент фармони ва 1 та Вазирлар Маҳкамаси қарори ишлаб чиқилди.
Шунингдек, тадбиркорлар фаолиятига бевосита ёки билвосита таъсир қилувчи 554 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, улар бўйича 502 та таклиф ва эътирозлар юборилган.
Қолаверса, тадбиркорлик фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган 17 та таклиф (таҳлилий маълумотлар) тайёрланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА